Ўзбекистон янгиликлари

«Ал-Муватин»: Ўзбекистон – 2023 йилнинг энг яхши сайёҳлик манзили

Мисрнинг «Ал-Муватин» ахборот агентлиги веб-сайтида «Ўзбекистон – 2023 йилнинг энг яхши сайёҳлик манзили» сарлавҳали мақола эълон қилинди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.


Журналист Фотима Бадавий қаламига мансуб мазкур мақолада Ўзбекистоннинг бой маданияти, тарихи, сайёҳлик салоҳияти ва мамлакатнинг 2023 йилга мўлжалланган туризм лойиҳалари ҳақидаги маълумотлар ёритилган.


Нашрда «Lonely Planet» халқаро ноширлик уйи томонидан эълон қилинган рейтингда Марказий Осиё минтақасида Ўзбекистон визасиз кириш ва саёҳат қилиш қулайлиги бўйича энг яхши туристик йўналиш номини олгани, «The Economist» журнали эса Ўзбекистонни сўнгги бир неча йил ичида Марказий Осиёдаги энг бардавом ривожланган давлат дея этироф этгани таъкидланган. «Буларнинг барчаси, шунингдек, азим тарих ва бетакрор маънавий-маърифий мерос мамлакатни етакчи сайёҳлик масканига айлантирмоқда», деб қайд этилган мазкур мақолада.


Нашрда ЮНEСКО Умумжаҳон мероси рўйхатига Бухоро, Самарқанд, Хива ва Шаҳрисабз шаҳарлари киритилгани қайд этилган.
Шунингдек, Ўзбекистонда туризм соҳасини илгари суришда ижтимоий тармоқларнинг муҳим ролига алоҳида эътибор қаратилаётгани таъкидланган.


«Сўнгги йилларда ижтимоий тармоқларда Ўзбекистоннинг энг муҳим сайёҳлик жойлари ҳақида туристлар ўзларининг турли кечинмалари билан ўртоқлашмоқда. USAID жамғармаси ҳам Ўзбекистонни Марказий Осиё минтақасининг энг жозибали ва хавфсиз сайёҳлик йўналиши сифатида тарғиб қилиш учун блогерларни таклиф қилишда ҳамкорлик қилмоқда. Фуд-блогерлар эса ўзбек халқининг миллий таомларини жуда фаол ёритаяпти», деб ёзади Фотима Бадавий.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

Read 1073 times

Янгиликлар

Top