Ўзбекистон янгиликлари

Туркияда Ўзбекистон зиёрат туризм салоҳиятига бағишланган конференция бўлиб ўтди

Мамлакатимизнинг Анқарадаги элчихонасида Ўзбекистон туризм салоҳиятига бағишланган конференция бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Тадбирда Туркия Буюк Миллат Мажлиси депутати, “Ўзбекистон-Туркия” дўстлик гуруҳи раиси Осман Местен, Маданият ва туризм вазирлиги ҳамда Дин ишлари (Diyanet) бошқармаси мутасаддилари, “Pegasus” авиакомпанияси ҳамда 30 дан ортиқ туристик агентлик вакиллари қатнашди.
Тадбир доирасида Самарқанд, Бухоро, Хива ва Қўқон каби шаҳарларда жойлашган осори атиқалар ва қадамжолар фотокўргазмаси ташкил этилди.
Тадбир иштирокчилари эътиборига “Табаррук зиёрат” туризми концепцияси, Баҳоуддин Нақшбанд, Имом Бухорий, Имом Термизий, Имом Мотурудий ва Бурҳониддин Марғиноний каби йирик уламоларнинг ислом дунёсидаги ўрни ҳақида маълумот ҳавола этилиб, “Етти пир” зиёратгоҳларининг имкониятлари танитилди.
Шу билан бирга, тадбир иштирокчиларига Туркиядан мамлакатимизга келадиган сайёҳлар учун яратилган имкониятлар, қулайликлар, туристик маршрутлар, жумладан, икки томонлама мунтазам авиақатнов йўналишларини диверсификациялаш ва сонини кўпайтириш бўйича олиб борилаётган амалий ишлар ҳусусида маълумот тақдим қилинди.
Конференция якунида мамлакатимизга туркиялик сайёҳлар сонини ошириш бўйича муҳим тавсиялар шакллантирилди, хусусий агентликлар билан Туркиянинг узоқ ва яқин ҳудудларидан уюшган ҳолда зиёратчилар ташрифларини амалга ошириш бўйича келишувга эришилди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

Read 1193 times

Янгиликлар

Top