Ўзбекистон янгиликлари

Имом-хатибларнинг АҚШдаги ватандошлар билан мулоқоти давом этмоқда (Фотолавҳа)

Шу кунларда АҚШда бўлиб турган Шукруллоҳ домла Эгамбердиев ва Қамариддин қори Баҳриевлар мамлакатимизнинг АҚШдаги элчихонаси ва Нью-Йоркдаги бош консулхонаси ташаббуси билан Нью-Йорк шаҳридаги ватандошлар билан учрашиб, жума, аср ва шом намозларида улар билан суҳбат қилиб, бошқа тадбирларда ҳам иштирок этишди.

Жумладан, Нью-Йорк ва Нью-Жерси штатида истиқомат қилаётган фуқаролар учун “Абу-Ханифа” масжидида “Mahalla USA” ташкилоти раҳбарлари ва фаол ватандошлар турли маросимлар уюштиришди. Унда бир-неча минглаб ватандош ва хорижий фуқаролар қатнашди.

“Абу-Ханифа” масжидида жума намози сўзга чиққан мутасадди вакиллар АҚШда ўзбек жамиятлари сони кўпайиб бораётгани, шу сабаб АҚШдаги ватандошлар учун динимизни ўрганиш ва тарғиб қилиш мақсадида ушбу хайрия тадбирлари ташкил этилаётганини таъкидлаб, унда барчани фаол қатнашишга чақирди.

Шундан сўнг уламоларимиз юртимизда сўнгги йилларда диний соҳада амалга оширилаётган ишлар, фуқароларимиз диний эркинларини таъминлаш йўлида ташкил этилаётган кўплаб янгилик ва имкониятлар ҳақида сўзлаб берди.

Шунингдек, ҳукуматимиз томонидан ўзбек делегацияларининг турли давлатларда истиқомат қилаётган ватандошларимиз ҳолидан хабар олиш, улар билан мулоқот ўтказиш ҳамда улар учун турли диний ва маданий тадбирлар ташкил этиш мақсадида хорижий давлатга ташрифлар амалга оширилаётгани таъкидлаб ўтилди.

Суҳбат давомида Ислом динининг афзалликлари, фарзанд тарбиясида диннинг ўрни, масхаблар, ақидалар ҳақида умумий тушунчалар берилди.

Бундай жонли мулоқотлар турли марказлар ва ресторанларда ҳам ташкил этилди.

 

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Read 1246 times

Янгиликлар

Top