Ўзбекистон янгиликлари

Имом-хатибларимиз АҚШдаги ватандошлар билан маърифий учрашувлар ўтказмоқда

Мамлакатимизнинг АҚШдаги элчихонаси ва Нью-Йоркдаги Бош консулхонаси ташаббуси билан Ўзбекистон мусулмонлари идораси масъул ходимларидан иборат делегация АҚШнинг Пенсильвания, Нью-Йорк, Охайо штатларида бўлиб, у ерда истиқомат қилаётган ватандошларимиз билан бирга турли тадбир ва маросимларда қатнашди. Бундай учрашув Филадельфия шаҳридаги Исабет Ислом Академияси мажмуасида 500 дан ортик ватандошлар иштирокида ташкил этилди.

Шунингдек, Нью-Йорк шаҳрининг Бруклин туманида “Mahalla USA” ва “Ватандош” нодавлат нотижорат ташкилотлари, “Абу-Ҳанифа” масжиди жамияти раҳбар ва фаоллари юртдошларимиз томонидан янги бунёд этилган “Абу-Ҳанифа” масжиди ҳамда Нью-Йорк шаҳридаги “Emir Palace” марказида турли диний суҳбатларда қатнашди. Ушбу тадбирларда мингдан ортиқ ватандошлар фаол катнашиб ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олдилар.

Бундан ташқари, Нью-Йорк шаҳрида Ўзбекистон имом-хатиблари “Mahalla USA” нодавлат нотижорат ташкилоти ҳузурида ташкил этилган “Зиё Арт” ўқув маркази ва “Пахтакор-Нью-Йорк” клублари фаолияти билан танишди. Марказда таҳсил олаётган ёш болалар ва уларнинг ота-оналари билан давра суҳбати ўтказилди. Унда имом-хатиблар ёшларни миллий руҳда тарбиялаш, фарзандларнинг одоб-ахлоқи ва таълим-тарбиясига катта эътибор қаратиш зарурлиги ҳақида мавъиза қилдилар. Ватандош ташкилотлар фаоллари АҚШдаги юртдошларимизни тарихий Ватан атрофида жипслаштиришга ўз ҳиссасини қўшишга тайёр эканини билдирди.

Ватандошларимиз Америкада ўзбек тили, маданияти ва анъаналарини сақлаб қолиш ҳамда юртимизнинг бой илмий, маданий ва маънавий меросини кенг тарғиб қилиш ва оммалаштиришда фаол қатнашаётганларини таъкидладилар.

Уламоларимиз Оҳайо штатидаги Цинциннати шаҳрига сафар доирасида қурилиш ишлари бошланган “Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф” масжиди қурилишини кўздан кечирдилар, масжид лойиҳаси билан танишиб, қурилишга оид ўз таклиф-мулоҳазаларини айтиб ўтдилар. У ерда Қуръон тиловати ва хайрли дуолар қилинди.

Шунингдек, Ўзбекистон делегацияси вакиллари “Greater Cincinnati” Ислом маркази директори Ашраф Тарабилсин ва имоми Шайх Муса билан учрашиб, ушбу ҳудудда истиқомат қиладиган ватандошларнинг жипслигини янада ошириш, Ислом маърифатини кенг ёйиш бўйича ўзаро суҳбатлашишди.

Мулоқот чоғида Шайх Муса Ўзбекистон заминидан Ислом дини ривожига муносиб ҳисса қўшган кўплаб уломалар етишиб чиққани, бугунги кунда мамлакатимизда диний соҳага ҳамда хориждаги юртдошларга қаратилаётган эътибор учун Ўзбекистон раҳбариятига миннатдорлик изҳор қилишди.

Оҳайо штатида истиқомат қилаётган 600 нафарга яқин юртдошимиз иштирокида Ислом марказида ташкил этилган диний суҳбатда Ўзбекистон мусулмонлари идораси вакиллари томонидан юртимизда сўнгги йилларда диний соҳада амалга оширилаётган ишлар, ҳамюртларимизнинг диний эркинларини таъминлаш йўлидаги саъй-ҳаракатлар, янгиликлар ҳақида фикр алмашилди.

Суҳбат давомида ўзбекистонлик имом-хатиблар Ислом дини мазмун-моҳияти ҳақида оят ва ҳадислардан мисол келтириб маъруза қилишди. Хусусан, мазҳаблар орасидаги фарқлар, “Ҳанафия” мазҳабининг афзалликлари тушунтириб берилди.

Ҳар бир суҳбат ва маърузаларда фарзанд тарбияси, оила муқаддаслиги, қон-қариндошлик риштаси, ота-онага ҳамда яқинларига муносабат ҳақида ҳаётий мисоллар билан таъсирчан тарзда етказилди.

Америка заминидаги самимий ва амалий руҳда ўтган учрашувларда ўзаро ҳамкорликни кенгайтириш, ватандошлар иштирокида ўзбекистонлик имом-хатибларни жалб қилган ҳолда, турли тадбирларни мунтазам ўтказишга келишиб олинди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Read 1390 times

Янгиликлар

Top