Ўзбекистон янгиликлари

Муфтий ҳазрат Ислом олами робитаси раҳбарияти билан учрашдилар

Шу йил 20 ноябрь куни Ислом олами робитаси Бош котиби таклифига биноан ушбу нуфузли ташкилотнинг Макка шаҳридаги қароргоҳига Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Нуриддин домла ҳазратлари ташриф буюрдилар.

Бош котиб маслаҳатчиси Абдулазиз Сарҳан жаноблари билан Муфтий ҳазратлари ўртасида учрашув бўлиб ўтди. Мулоқот аввалида Муфтий ҳазратлари мамлакатимизда сўнгги йилларда диний-маърифий соҳада амалга оширилаётган янгиланишлар ҳақида сўзлаб бердилар. 

Муфтий ҳазратлари икки мамлакат ўртасидаги алоқалар тараққий этаётгани, шу йил 17-18 август кунлари Ўзбекистон Республикаси Президентининг Подшоҳ Салмон бин Абдулазиз Ол Сауд таклифига биноан Саудия Арабистонига ташрифи ҳамкорлик алоқалари ривожланишига хизмат қилаётганини алоҳида қайд этдилар.

Мана шундай ҳамкорликнинг узвий давоми сифатида давлатимиз раҳбари топшириғи билан Мадина шаҳрида жойлашган Набий алайҳиссалом ҳаётларига оид Ислом цивилизацияси музейининг тажрибасини ўрганиш ва айни кунларда бунёд этилаётган Самарқанд вилоятидаги Имом Бухорий ёдгорлик мажмуасида ҳудди шу каби буюк муҳаддис ҳаёти ва фаолиятига бағишланган музей барпо этиш ишларида унумли фойдаланишни Муфтий ҳазратлари билдирдилар.

Абдулазиз Сарҳан жаноблари Ўзбекистон Ислом илмлари равнақ топган табаррук замин экани, Имом Бухорий, Имом Термизий каби алломалар бу диёрни бутун оламга машҳур қилгани, барча мўмин-мусулмонлар бу улуғ зот билан ифтихор қилишини изҳор этди. Бош котиб маслаҳатчиси жорий йилда Ўзбекистон заминига ташриф буюргани мамлакатдаги бунёдкорлик ишлари, ўзгаришларни кўриб ҳайратда экани ва кўрсатилган меҳмондўстлик учун чуқур миннатдорлик изҳор этди.

Мадина шаҳридаги “Пайғамбаримиз алайҳиссалом сийратлари ва ислом цивилизацияси музейи” ҳақиқатан юқори технологиялар асосида барпо этилгани Имом Бухорий бутун мусулмон дунёсига беқиёс хизмат қилгани эътиборидан Саудия томонидан ҳам мазкур музей ишига ҳисса қўшишга тайёрлигини Абдулазиз Сарҳан изҳор этди. Ислом олами робитаси раҳбарияти ушбу мажмуанинг очилиш маросимида иштирок этишдан мамнун бўлишини билдирди.

Муфтий ҳазратлари Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳузурида Фатво маркази ташкил этилгани, ўзаро ҳамкорлик қилиш, хусусан, мутахассислар касб-маҳоратини ошириш, ўзаро тажриба алмашиш ҳамда долзарб мавзуларда замонавий фатволар ишлаб чиқиш каби муҳим масалаларда ҳамкорлик қилиш мумкинлигини маълум қилдилар.

Бош котиб маслаҳатчиси Абдулазиз Сарҳан Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Нуриддин домла ҳазратларини Ислом олами робитасига аъзо қилиш саъй-ҳаракатлари бошлангани ва тадрижий ишлар амалга оширилгандан сўнг қўшимча хабар қилишини маълум қилди. 

Маълумот ўрнида, Ислом олами робитаси – дунёнинг турли мамлакатларининг йирик мусулмон уламоларини бирлаштирган ҳалқаро ислом ташкилотидир. У 1962 йилда ташкил этилган, қароргоҳи Макка шаҳрида. Унинг Олий органи – Таъсис кенгаши бўлиб, унга 60 нафар диний арбоб киради.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Read 1008 times

Янгиликлар

Top