Ўзбекистон янгиликлари

Ўзбекистон делегацияси Президент қабулида

 

Дин ишлари бўйича қўмита раиси Ортиқбек Юсупов ҳамда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари расмий ташриф билан Озарбайжон Республикасининг Баку шаҳрида бўлиб туришибди.

Бугун Озарбайжон Республикаси Президенти Илҳом Алиев Дин ишлари бўйича қўмита раиси Ортиқбек Юсупов ҳамда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимовни қабул қилди.

Учрашувда Озарбайжон Республикаси Президенти Илҳом Алиев икки давлат ўртасидаги дўстона муносабатлар, мамлакатларни боғлаб турувчи қардошлик алоқалари ҳақида атрофлича тўхталди. Шунингдек, у ўз нутқида, Ўзбекистонда истиқлол йилларида Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримов томонидан юрт тинчлиги, халқ фаровонлиги йўлида амалга оширилган кенг кўламли ишларни эслаб ўтди. Ушбу эзгу анъана бугун ҳам Президент Шавкат Мирзиёев томонидан изчил давом эттирилаётганини алоҳида таъкидлади.

Мулоқотда Илҳом Алиев дунё ҳамжамиятини ташвишга солиб келаётган экстремизм ва терроризмга қарши курашда икки давлат ўртасидаги алоқаларни ривожлантириш муҳим аҳамиятга эгалигини айтиб ўтди. Жумладан, у: “Биз ёшларимизни кўз қорачиғидек асраб-авайлашимиз лозим. Агар биз тарбияга алоҳида эътибор қаратсак, турли ёт ғоялар ёшларимизга таъсир ўтказа олмайди”, деди.

Шунингдек, Дин ишлари бўйича қўмита раиси Ортиқбек Юсупов сўзга чиқиб, юртимизда дин соҳасида амалга оширилаётган кенг кўламли ишлар, барпо этилиши режалаштирилаётган халқаро илмий тадқиқот марказлари ҳақида атрофлича тўхталди. Бугунги кунда дунёнинг йирик халқаро ташкилотлари томонидан юқори баҳоланаётган бағрикенглик масалаларига ҳам алоҳида урғу берди.

Суҳбат давомида икки диний идора ўртасидаги мавжуд алоқаларни янада ривожлантириш ва ҳамкорлик соҳаларини кенгайтириш ишлари ҳам муҳокама қилинди. Учрашув самимий ва қизғин руҳда ўтди. Томонлар ўзаро ҳамкорлик учун миннатдорчилик изҳор қилиб, эсдалик совғалари алмашдилар.

 

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси

Халқаро алоқалар бўлими

 

 

Read 5663 times

Янгиликлар

Top