Ўзбекистон янгиликлари

Қирғизистоннинг биринчи муфтийси Кимсанбой ҳожи Абдураҳмоновнинг вафоти муносабати билан ҳамдардлик

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Уламолар Кенгаши аъзолари Марказий Осиёдаги эътиборли уламолардан бири, Қирғизистоннинг биринчи муфтийси Кимсанбой ҳожи Абдураҳмонов вафоти муносабати билан Қирғизистон мўмин-мусулмонларига ва марҳум дин арбобининг яқинларига чуқур таъзия билдиради.
Қардошларимизнинг ушбу улкан қайғу ва йўқотишларига шерик бўлган ҳолда, Аллоҳ таолодан уларга сабр-бардош тилаймиз. Зеро, Қуръони каримда: “…Албатта, биз Аллоҳнинг ихтиёридамиз ва албатта, биз Унинг ҳузурига қайтувчилармиз…” (Бақара, 156) дейилган.
Таниқли уламо Кимсанбой ҳожи Абдураҳмонов динимиз таълимотини кенг ёйиш, мўмин-мусулмонлар эҳтиёжини таъминлаш ва халқларимиз ўртасидаги дўстликни мустаҳкамлашдаги хизматларини ҳусни қабул айлаб, улкан ажру савоблар ато этсин.
Раҳматли Кимсанбой ҳожи Абдураҳмонов Бухоро шаҳридаги Мир Араб мадрасасида таълим олганларидан сўнг Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари диний назоратида турли лавозимларда хизмат қилган.
Ҳақ таоло марҳум олимнинг аҳли оиласи, фарзанду аржумандларига чиройли сабр бериб, бу мусибатларини яхшиликлар ила тўлдирсин.
Аллоҳ таолодан марҳум уламони Ўзининг чексиз раҳматига олишини, жаннат боғларига дохил этишини сўраб қоламиз.
Иннаа лиллааҳи ва иннаа илайҳи рожиъун!
«Мусибат етганда «Албатта, биз Аллоҳникимиз ва албатта, биз Унга қайтувчимиз», деган сабрлиларга хушхабар беринг».

Read 2077 times

Янгиликлар

Top