Ўзбекистон янгиликлари

Малайзиядан муносабат: мамлакатда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг узвийлигини таъминлашда муҳим аҳамият касб этади

Саравак (Малайзия) университети проректори Аҳмад Расит Президент Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига Мурожаатномасидан олган дастлабки таассуротлари ҳақида сўзлаб берди, деб хабар бермоқда “Дунё” ахборот агентлиги мухбири.
– Президент Шавкат Мирзиёевнинг Мурожаатномасидаги асосий фикрлар билан танишар эканман, Ўзбекистонда 2023 йил «Инсонга эътибор ва сифатли таълим йили» деб эълон қилиниши мамлакатда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг изчиллигини таъминлашда муҳим аҳамият касб этади, деб ҳисоблайман, - деди эксперт. - Дунёнинг барча ривожланган мамлакатлари ижтимоий сиёсатга, таълим соҳасини такомиллаштиришга катта эътибор қаратмоқда.
Сўнгги пайтларда Ўзбекистонда салмоқли кўламда янги таълим муассасалари, жумладан, умумтаълим мактаблари ва мактабгача таълим муассасалари очилди, мамлакат олий билим юртлари ва етакчи хорижий университетлар ўртасидаги ҳамкорлик кенгаймоқда, чет давлатларнинг йирик таълим масканларининг филиаллари очилмоқда. Маълумки, таълим-тарбия давлатнинг иқтисодий ва маънавий-маърифий ривожланишида, сиёсий барқарорлик ҳамда тинч-осойишта муҳитда равнақ топишида асосий омил бўлиб хизмат қилади. Таълимга сармоя киритилиб, ёш иқтидорли йигит ва қизлар тарбияланади, улар эса, ўз навбатида, келажакда мамлакат тараққиётини таъминлайди.
Ўзбекистонда келгуси йилда 70 та янги мактаб қуриш, 460 та мактабни реконструкция қилиш, хусусий сармоя ҳисобига 100 та мактаб бунёд этиш режалаштирилаётгани ҳам бунинг ёрқин далилидир.
Бундан ташқари келаси йил олий ўқув юртлари талабалари учун имтиёзли таълим кредитлари учун ажратиладиган маблағлар икки баравар кўпайтирилаётгани, илм-фан ва инновациялар учун бюджетдан катта маблағлар ажратилаётгани ҳам эътирофга лойиқдир.
Ўзбекистон жаҳонда цивилизация бешиги сифатида машҳур, бу заминда Ибн Сино, Хоразмий, Беруний, Улуғбек ва бошқа кўплаб буюк алломалар туғилиб, вояга етган. Мамлакат раҳбарияти саъй-ҳаракатлари билан таълим сифатини тубдан ошириш, ўқув дастурларини илғор халқаро андозаларга мослаштириш борасида амалга оширилаётган ислоҳотлар мамлакатда яна аждодлари каби илм-фан тараққиётига муносиб ҳисса қўшадиган етук олимлар етишиб чиқишига хизмат қилишига ишончимиз комил.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

Read 1402 times

Янгиликлар

Top