Ўзбекистон янгиликлари

Чегара ҳудудларда яшовчи аҳолининг турмуш тарзи ўрганилди

Шоҳимардон ҳақида эшитмаган, бу жойга келишни орзу қилмаган одам бўлмаса керак. Мўъжаз ва сўлим гўша ҳақида гап очилганда унинг ёқимли табиати, мусаффо об-ҳавоси, кўл ва булоқлари, зилол сувлари кўз ўнгингизга келади. Ушбу қишлоқ азал-азалдан нафақат водийликлар, балки юртимиз ҳамда қўшни мамлакатларимиз аҳолиси учун ҳам азиз зиёратгоҳ, дам олиш маскани ҳисобланади.

Фарғона вилояти бош имом-хатиби Убайдуллоҳ домла Абдуллаев ҳамда вилоят ҳокими ўринбосари Жамшид Хатамовлар Шоҳимардон қишлоғига ташриф буюрдилар. «Ҳазрати Али» масжидида жума намозида иштирок этиб, аҳолининг ижтимоий ҳолати, яшаш шароити билан танишдилар.

Аҳоли билан суҳбат асносида шулар маълум бўлдики, Шоҳимардонга келаётган меҳмонларнинг ташрифи кундан-кун ортиб бормоқда, ўзбек-қирғиз қардош халқ вакиллари ака-укадек истиқомат қилмоқда.

Шоҳимардон Фарғона тумани ҳудуди ҳисобланиб, бу ерда «Ҳазрати Али» масжиди фаолият юритмоқда. Қишлоқ аҳолиси ва бу ерга ташриф буюраётган меҳмонлар масжиднинг кун сайин обод бўлаётганидан мамнун. Масжид жамоасининг сафи ҳам тобора ортмоқда, таҳоратхонадаги шарт-шароитлар ҳам марказдагидан қолишмайди. Бир сўз билан айтганда қишлоқ аҳолиси ва зиёратчилар кайфияти юқори.

Ташрифнинг навбатдаги манзили Фарғона туманидаги Ҳосилот маҳалласининг Қирғизистон ҳудудидаги анклав қисми – Тоштепа-2 кўчаси бўлди. Бу ерда 72 та хонадонда 260 нафардан зиёд аҳоли истиқомат қилади. Ҳудуддаги 60-умумтаълим мактаби биноси қайта таъмирланган бўлиб, унда ўқувчилар учун барча шароитлар яратилган. Бу қишлоқда ҳам икки қардош халқ аҳил-иноқ ҳаёт кечирмоқда.

Вилоят ҳокими ўринбосари ва вилоят бош имом-хатиби маҳалла аҳли билан суҳбатлашиб, аҳоли турмуш тарзини янада яхшилаш учун амалга оширилиши лозим бўлган ишларни белгилаб олдилар.

Фарғона вилояти вакиллиги Ахборот хизмати

Read 935 times

Янгиликлар

Top