Ўзбекистон янгиликлари

Ислом цивилизацияси маркази фондига аҳоли ва шахсий коллекциялардан 626 та қўлёзма ва  985 та тошбосма асарлар, жами 1611 та манба қабул қилинган

Бу ҳақда АОКАда Ислом цивилизацияси маркази директори Шоазим Миноваров, марказ бўлим бошлиғи Саидкомил Холхўжаев, марказ илмий ходими, хаттот Ислом Маматов, марказ биноси безаклари бўйича эксперт, рассом Алишер Алиқулов иштирокида ўтказилаётган матбуот анжуманида маълум қилинди:

Марказ фаолиятини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ҳамда унинг олдига қўйилган вазифаларни сифатли ва талаб даражасида бажариш учун муносиб шарт-шароитларни яратиш борасида ҳукуматимиз, шахсан, Президентимиз томонидан  доимий ғамхўрлик ва эътибор қаратиб келинмоқда.

2021 йил 16 июль куни қабул қилинган “Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази фаолиятини янада такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПҚ-5186-сонли ҳамда 2022 йил 10 февралдаги “Қадимий ёзма манбаларни сақлаш ва тадқиқ этиш тизимини такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПҚ-126 – сонли қарорлар ана шу эътиборнинг яққол мисолидир.

Давлатимиз раҳбарининг  диний – маърифий масканларга жума кунлари ёки муқаддас ойлар ва байрамларда ташриф буюриши анъанага айланган. Жорий йил 8 апрель куни амалга оширилган навбатдаги ташриф ҳам худди шу мақсадларга қаратилгани билан аҳамиятлидир.

"Бугун, муборак Рамазон ойида, жума кунида бу ерга келишимиз бежиз эмас. Бундай улуғ айём кунларида қилинган ниятлар амалга ошади. Охирги йилларда оғир-оғир синовлардан ўтдик. Лекин бу ерда иш тўхтагани йўқ. Нима учун буни қуряпмиз? Халқимизнинг дунёқарашини, ғурурини кўтариш, қандай буюк эл эканимизни ашёвий далиллар билан намоён этиш учун", - деди Шавкат Мирзиёев.

Президентимиз Ислом цивилизацияси марказида сўнгги ойларда амалга оширилган ишлар билан танишди ва мутасаддилар ҳамда қурувчиларга зарур тавсиялар берди.

Марказ таркибида барча тиллар бўйича салоҳиятли таржимонлар тайёрлаш бўлимини ташкил этиш таклифининг давлат раҳбари томонидан маъқулланиши ташрифдаги энг муҳим ўринлардан бири бўлди. Чунончи, республикамизда ушбу йўналишда етук таржимонларга эҳтиёж катта.

Ташриф жараёнида давлатимиз раҳбари Марказнинг янги янада муҳим вазифаларини  белгилаб, шундай деди: “Бу марказ халқимизнинг маънавий ва маърифий қудрати тимсоли бўлиб қолади”.

Мазкур ташриф Марказ жамоаси олдига янада улкан ва шарафли вазифаларни қўйди.

Марказ олдига қўйилган муҳим вазифаларни амалга ошириш борасида 2022 йилда самарали фаолият олиб борилди.

Илмий-тадқиқот, таҳлил, таржима ва нашр ишлари борасида тадқиқот ҳамда илмий грант лойиҳалари доирасида 24 номда илмий ва илмий-оммабоп адабиётлар (шундан 4 та китоб-альбом, 8 та китоб, 2 та монография, 3 та каталог (реестр), 2 та рисола, 2 та қўлланма, 2 та журнал) нашр этилди.

Ҳисобот даврида илмий аҳамиятга эга бўлган 11 та ёзма манбалар таржима қилинди ва чоп этишга тайёрланди.

Абу Ҳафс Насафийнинг “Баёни эътиқоди аҳли сунна вал-жамоа” (Аҳли сунна вал жамоа эътиқодининг баёни), Боситхон Шошийнинг “Муқаддимату илм ал-фароиз” (Мерос илмига кириш), Сирожиддин Сачовандий “Фароизус Сирожия” (Мерос илмига оид Сирожия асари), Шайх Хованд Тоҳурнинг “Райҳонийяи Тоҳурийя”, Фармон ва ёрлиқларга оид “Суюрғол ёрлиғи” (Фуқароларга имтиёз берувчи қарор), Ҳаким Термизийнинг “Ал-Амсол минал китоб вас-сунна” (Қуръон ва ҳадисда келган масаллар), Шайх Абдулмажид Алининг “Туҳфатул ал-марзия” (Рози бўларлик ҳадялар), Аҳмад ибн Маҳмуд Бухорийнинг “Бухоро мозорлари тарихи”, тиб илмига оид Абдураҳмон Азрақнинг “Тасҳил ул-манофиъ (“Манфаатларни осонлаштириш китоби”), Имом Жазарийнинг “Ал-ҳиснул ал-ҳасин мин каломи Саййид ал-мурсалин” (“Пайғамбарлар саййиди сўзларидан олинган паноҳ берувчи ҳадислар”), “Даҳр ун-нажот” (Нажот олами) номли асарлар таржима қилинди.

Ижтимоий-маърифий жараёнларни ўрганиш натижалари бўйича 6 та ахборот-таҳлилий материал, 3 та ойлик дайджест тайёрланди ва 1 та маъруза, 2 та давра суҳбати, 3 та халқаро конференция, 1 та форумда иштирок этилди.

Ислом дини меросини сақлаш, манбашунослик ва қўлёзмалар билан ишлаш бўйича РРеспублика фондларида сақланаётган 52 минг 255 та (шундан 21 минг 670 та қўлёзма, 30 минг 585 та тошбосма) қадимги ёзма манбалар тўғрисида маълумотлар базаси яратилиб, уларнинг илмий таҳлили асосида 4 мингта ёзма манбанинг реестри (паспорти) тайёрланди.

Давлат реестрининг 1-3-жилдлари чоп этилди. Ҳар бир жилдга 1000 тадан қўлёзма ҳақида маълумотлар киритилди. Давлат реестрининг хронологик даври VII-ХХ аср бошига тўғри келади. Манбалар араб, эски ўзбек, форс, турк тилларида ёзилган. Жумладан, Давлат реестридан жой олган энг ноёб манба – VII асрга оид дунёдаги энг қадимий Усмон Мусҳафи саналади.

Марказ фондига аҳоли ва шахсий коллекциялардан 626 та қўлёзма ва  985 та тошбосма асарлар, жами 1611 та манба қабул қилинган. Жумладан, Муфтий Бобохоновлар сулоласи шахсий кутубхонасида сақланаётган 423 та қадимий манбалар (122 та қўлёзма, 301 та тошбосма), тарихий ҳужжатлар ва фотосуратлар фондга қабул қилиб олинди.

Марказ музейи фонди ва экспозициясини шакллантириш мақсадида музей фондига 630 та тарихий ашёлар, макет ва муляжлар қабул қилинди. Қуръони карим бўлими экспозицияси учун Қуръони каримнинг 28 та нодир қўлёзмасидан иборат коллекция шакллантирилди.

Музей экспозициясини шакллантириш бўйича 9 та йўналишда 1584 та экспозиция материаллари тайёрланди.

Марказ кутубхона ва архив фондида 626 дона қўлёзма, 985 дона тошбосма, 21 356 дона замонавий нашрлар ва 514 916 та электрон манба (жами 537 883 та манба) сақланмоқда.

Қатар миллий кутубхонасидан 2 минг 635 та фото-ҳужжат, қўлёзмалар, архив ҳужжатлари, Туркия Республикаси олимлари қўлёзмалар коллекциясининг “Жомеъ-ул-махтутот” номли маълумотлар базасидан   70 мингдан ортиқ, Ақш конгресси кутубхонасидан 558 та кўлёзма ва фото-ҳужжатлар, ТуркТАВ” фондидан 20 мингдан зиёд ноёб китоблар, Мисрнинг “Ал-Азҳар” мажмуасидан Алишер Навоийга оид 5 дона, Камолиддин Беҳзодга оид 6 дона электрон манбалар олинди.

Халқаро ҳамкорлик ва зиёрат туризми йўналишида бевосита Марказ ташкилотчи ва ҳамкор сифатида 32 та халқаро тадбир ва учрашувларда иштирок этди. Хусусан, 5 та халқаро илмий-амалий конференция, 4 та илмий-амалий семинар, 4 та давра суҳбати, 7 та форум, 7 та тақдимот, 4 та онлайн учрашув, 1 та онлайн симпозиумда иштирок этилди. 

Хорижий турдош ташкилотлар билан 2022 йилда 7 та меморандум имзоланди. Имзоланган меморандумлар сони 28 тага етди. Жумладан, Малайзия Ислом санъати музейи (22.07.2022), Қозоғистон қўлёзмалар ва нодир китоблар миллий маркази (28.07.2022) ва Қатар миллий кутубхонаси (26.09.2022) билан меморандумлар имзоланди.

Нодир манбаларнинг Давлат реестрини юритиш бўйича ягона ахборот тизими manbalar.uz (manuscript.uz) портали яратилди.

2022 йилда “Allomalar.uz” илмий-маърифий портал ва унинг мобил иловаси ишга туширилди. Порталга 48 та буюк аллома ва мутафаккирлар илмий меросига оид чоп этилган 82 та китобнинг электрон нусхаси, 195 та фотолавҳа, 48 та аудио ва 108 та видеофильмлар жойлаштирилди.

ОАВ, маънавий тарғибот ва медиа йўналишида “Учинчи Ренессанс – Янги Ўзбекистон” ғояси ва буюк аждодларимиз мероси, янги юксалиш даври ютуқларини тарғиб қилиш мақсадида “Ислом цивилизацияси маркази: шонли тарихдан буюк келажак сари” туркум кўрсатувининг 13 та сони тайёрланиб, марказий ва ҳудудий телеканалларда намойиш ташкил этилди.

Мамлакатимиз ва жаҳон ҳамжамиятига Ислом цивилизацияси маркази ҳақида батафсил маълумот етказиш, мақсад ва вазифалари, мазмун-моҳиятини тарғиб қилиш юзасидан 36 та медиа маҳсулот (6 та кўрсатув, 23 та интервью, 7 та видеоролик) тайёрланиб, эфирга узатилди.

Марказнинг 6 нафар илмий ходимлари Тошкент шаҳри ва вилоятидаги маҳаллалар ва мактабларда “Аждодлар мероси – ибрат ва тарбия мактаби”, “Жаҳолатга қарши маърифат” каби мавзуларда 21 та маънавий-маърифий ва тарғибот тадбирларида иштирок этди.

Медиа-режага асосан 3 та матбуот анжумани, 2 та брифинг ва 1 та пресс-тур ташкил этилди.

Марказда 63 штатда ходимлар (шундан, илмий ходимлар 31 нафар (23 та штатда), мутахассис ходимлар 27 нафар, техник ходимлар 11 нафар) фаолият кўрсатмоқда. Шу жумладан, 1 нафар академик, 2 нафар фан доктори, 10 нафар фалсафа докторлари, 12 нафар магистрлар, 5 нафар мустақил тадқиқотчилар, 1 нафар докторант фаолият юритмоқда.

 

 

Read 870 times

Янгиликлар

Top