Ўзбекистон янгиликлари

Муфтий ҳазрат фахрий уламоларга юксак эътибор кўрсатдилар

Кеча, 28 декабрь куни Муфтий Нуриддин домла ҳазратлари ташаббуси билан ташкил этилган Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фахрийлар кенгашининг биринчи йиғилиши ўтказилди. Унда кенгаш аъзолари, бўлим мудирлари ва бир гуруҳ соҳа ходимлари иштирок этди.

Тадбир Қуръони карим тиловати ва хайрли дуолари ила бошланди.

Файзли учрашув аввалида Муфтий ҳазратлари диний-маърифий соҳада амалга оширилган эзгу ислоҳотлар тўғрисида сўзлаб, ана шундай хайрли ишлар натижаси ўлароқ Ўзбекистон мусулмонлари идорасида Фахрийлари кенгаши тузилгани, унга раис сифатида узоқ йиллардан буён Ислом маърифати йўлида хизмат қилиб келаётган Шайх Абдулазиз Мансур домла тасдиқлангани, мазкур кенгаш фахрийлар имкониятларидан кенг фойдаланиш ва уларни ҳар жиҳатдан кўллаб-қувватлаш мақсадида ташкил этилганини баён этдилар.

Муфтий ҳазратлари сўзларида давом этиб, динимизда Ислом йўлида соч-соқоли оқарган кишиларнинг фазилати, уларнинг жамият фаровонлигидаги улкан ҳиссалари, буюк ватандошимиз Имом Термизий ривоят қилган муборак ҳадиси шарифда: “Бир киши: “Эй, Аллоҳнинг Расули! Инсонларнинг қайсиси афзал” – деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Умри узоқ бўлиб, амали чиройли бўлгани”, дея марҳамат қилганларини алоҳида таъкидладилар.

Шунингдек, Муфтий ҳазратлари сўнгги йилларда диний-маърифий соҳада амалга оширилган ишлар, Ислом дини маърифатини кенг тарқатиш, мўмин-мусулмонлар эҳтиёжини таъминлаш, масжидларни обод этиш, мадрасалардаги таълим сифатини ошириш, Қуръон курсларини кўпайтириш каби йўналишдаги ишлар тўғрисида фахрийларга маълумот бердилар.

Шайх Абдулазиз Мансур йиғилишда сўзга чиқиб, масъулиятли ва шарафли вазифага ишонч билдирилгани учун миннатдорлик билдириб, мазкур кенгаш келгуси фаолияти давомида амалга оширадиган ишларга тўхталиб, жумладан, диний соҳа фахрийларининг ижтимоий ҳаётда фаол иштирокини таъминлаш, аҳоли, айниқса, ёш авлоднинг диний-маърифий саводхонлигини ошириш, уларни юксак маънавиятли бўлиб вояга етишларига ҳисса қўшиш, маросимларни ихчам, миллий қадрият ва анъаналарга мос тарзда ўтказилишига тарғиб қилиш каби асосий вазифаларни амалга оширишни алоҳида қайд этди.

Тадбир асносида Муфтий Нуриддин домла ҳазратлари Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фахрийлар кенгаши аъзоларига гувоҳнома ва ҳадялар тақдим этиб, хайрли тилакларини билдирдилар.

Шунингдек, уларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш борасида қилинадиган ишлар, хусусан, моддий рағбатлантириш, сиҳатгоҳларга юбориш, диний нашрларга текин обуна қилиш ва энг асосийси муборак умра сафарига имтиёзли юбориш каби имкониятларга Муфтий ҳазратлари алоҳида тўхталдилар.

Самимий руҳда ўтган учрашувда Фахрийлар кенгаши аъзолари ҳам сўз олиб, мазкур кенгаш тузилгани катта хайрли иш бўлгани, динимизда ўзаро кенгашиб иш қилишга, маслаҳат қилишга буюрилгани ва келгусида кенгаш хайрли ишларга бош бўлишини изҳор этдилар.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Read 1244 times

Янгиликлар

Top