Ўзбекистон янгиликлари

Хушхабар: юртимизда масжидлар сони 2118 тага етди (Фотолавҳа)

Бугун, 30 декабрь куни Хоразм вилоятининг Тупроққалъа туманидaги “Ўтовли эшон” мaсжиди давлат рўйхатидан ўтказилиб, расмий фаолият бошлади.

Шу муносабат билан бўлиб ўтган очилиш маросимида Хоразм вилояти бош имом-хатиби Хайрулла домла Абдуллаев, Хоразм вилояти ҳокими ўринбосари М.Умирзақов, мутасадди вакиллар, имом-хатиблар ҳамда ҳудуд аҳли иштирок этди.

Тадбирда Хайрулла домла сўзга чиқиб юртимизда сўнги йилларда кўплаб янги масжидлар очилаётгани, уларда мўмин мусулмонларга яратилаётган шароит ва қулайликлар ҳақида сўзлаб, буларнинг барчаси Ҳақ таолонинг улкан неъмати экани, унга шукр айтиш лозимлигини таъкидлади. Шунингдек, масжид бунёд этиш ажру савоби улкан эканини қайд этиб, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: “Ким Аллоҳ таоло учун бир масжид қурса, Аллоҳ унинг учун жаннатда бир уй қуради”, мазмунидаги ҳадисни зикр этиб, уни шарҳлаб берди.

Маросим давомида мазкур янги масжид Хоразм вилояти Адлия бошқармаси томонидан давлат рўйхатидан ўтказилгани тўғридаги гувоҳнома жоме ходимларига топширилди.

Шундан сўнг йиғилганлар жума намозини адо этишиб, янги масжид кўп йиллар мўмин-мусулмонларга ибодат, маънавият ва маърифат маскани бўлиб хизмат қилишини сўраб, унинг қурилишига кўмакчи бўлган барча кишилар ҳақига дуои хайрлар қилинди.

Маълумот учун, янги жоме Хоразм вилояти марказидан 200 км узоқликда бўлиб, Бухоро вилояти ва қўшни Туркманистон республикаси билан чегарадош ҳудудда жойлашган.

Саховатпеша инсонлар кўмаги ва маҳаллий аҳоли ҳашар йўли билан бунёд этилган масжидда намозхонлар учун барча қулайлик муҳайё қилинган. Хусусан, 250 нафар намозхонни ўз сиғдирадиган хонақоҳ, 10 кишилик замонавий таҳоратхона, масжид ходимлари учун маъмурият хоналари мавжуд.

Шу билан Ўзбекистондаги масжидлар сони 2118 тага, Хоразамда эса 98 тага етди.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Масжидлар билан ишлаш бўлими

Read 1047 times

Янгиликлар

Top