Ўзбекистон янгиликлари

Қозоғистон билан ўзаро сайёҳлар оқимини оширишга доир келишув имзоланди

Туркий давлатлар ташкилоти котибияти, Ўзбекистон Маданият ва туризм вазирлиги ҳамда Қозоғистон Маданият ва спорт вазирлиги ўртасида уч томонлама «Йўл харитаси» имзоланди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.

Маданият ва туризм вазирлиги маълумотига кўра, 2022 йил 3-4 октябрь кунлари Туркий давлатлар ташкилоти (ТДТ) котибияти кўмагида Туркистон шаҳрида Ўзбекистон ва Қозоғистоннинг туризм соҳаси учун масъул вазирликлари ҳамда сайёҳлик компаниялари вакиллари иштирокида «Табаррук зиёрат» лойиҳасини амалга ошириш бўйича форум ўтказилган эди.

Тадбир Ўзбекистон Президентининг 2022 йил 29 июлдаги «Туркий давлатлар билан туризм соҳасидаги ҳамкорликни жадал ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори ҳамда Озарбайжоннинг Шамаҳи шаҳрида бўлиб ўтган ТДТга аъзо мамлакатлар туризм соҳаси вакилларининг VII йиғилишида қабул қилинган қарор ижросини таъминлаш мақсадида ташкил этилди. Имзоланган мазкур йўл харитаси ҳам бу жараённинг мантиқий давомидир.

«Йўл харитаси»да икки давлат ўртасида сайёҳлар оқимини оширувчи саёҳат дастурлари ишлаб чиқиш, туристик компаниялар ахборот алмашувини йўлга қўйиш белгиланган. Шу билан бирга, мамлакатларнинг туристик салоҳиятини кўрсатувчи маълумотларни тизимли равишда махсус зиёрат туризми платформасига жойлаштириб бориш, сайёҳлар учун чегара ўтказиш нуқталарида қулайлик яратиш, Туркистон – Тошкент йўналишида автобус қатнови сонини ошириш юзасидан таклифлар ишлаб чиқиш кўзда тутилган.

Онлайн тарзда ўтказилган учрашувда мамлакатимиз туризм соҳаси вакиллари 2023 йил октябрь ойида Қозоғистонда ўтказиладиган ТДТга аъзо ва кузатувчи мамлакатларнинг навбатдаги йиғилишига таклиф қилинди. Ўз навбатида, Ўзбекистон Маданият ва туризм вазирлиги ТДТ котибиятининг аъзо ва кузатувчи давлатлар орасида маданият ва туризмни ривожлантиришга қаратилган барча лойиҳаларини қўллаб-қувватлашини билдирди.

Маълумот ўрнида айтиш жоизки, 2022 йил мамлакатимизга келган сайёҳларнинг 57 фоизи Туркия, Озарбайжон, Қозоғистон ва Қирғизистон ҳиссасига тўғри келади. Уларнинг 30 фоизи Қозоғистондан.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Read 608 times

Янгиликлар

Top