Ўзбекистон янгиликлари

Мисрнинг “Ал-Азҳар” мажмуаси Ислом тадқиқотлари академияси фаолияти билан танишилди

Таъкидлаш жоизки, юртимиз делегация вакилларининг Миср Араб Республикасидаги сафари муваффақиятли кечмоқда. Сафар давомида турли илмий муассасалар фаолияти билан яқиндан танишилмоқда. Навбатдаги манзил  Мисрнинг “Ал-Азҳар” мажмуаси Ислом тадқиқотлари академияси бўлди.

Академияда Дин ишлари бўйича қўмита раисининг биринчи ўринбосари Давронбек Махсудов, Ўзбекистон халқаро ислом академияси Халқаро бўлим бошлиғи Баҳодир Хўжаев ҳамда “Ал-Азҳар” мажмуаси Ислом тадқиқотлари академияси раҳбари, доктор Назир Айёд билан учрашуви бўлиб ўтди.

Учрашув аввалида ҳар икки юрт вакиллари томонидан Ўзбекистон ва Миср билан алоқалар тобора ривожланиб бораётгани, айниқса, илмий ва таълим йўналишлардаги ҳамкорликлар сўнгги йилларда кенг тараққий этаётгани таъкидланди.

Мулоқот давомида Давронбек Махсудов томонлар ўртасида ҳамкорлик масалаларини янада ривожлантириш масалалари бўйича таклифларини берди.

 

Академия раҳбари Назир Айёд эса қадим Мовароуннаҳр диёридан ислом илмлари, фалсафа, тиббиёт, мантиқ ва бошқа кўплаб илмлар бўйича етук олимлар етишиб чиққани, улар ўз наватида жаҳон тамаддуни ривожига муносиб ҳисса қўшганини таъкидлади. Назир Айёд Имом Мотуридий халқаро илмий тадқиқот маркази қошидаги Халқаро илмий ҳайъат ва “Мотуридия” илмий журнали таҳрир ҳайъати аъзоси эканини фахр ва миннатдорлик билан айтиб ўтди. Келажакда ўзи бошчилик қилаётган Академияда ўзбекистонлик тадқиқотчиларнинг фаолият олиб боришлари мумкинилигини айтди.

Суҳбатдан сўнг, Ислом тадқиқотлари Академияси фаолияти билан атрофлича танишиб чиқилди. Академия “Ал-Азҳар” мажмуасидаги энг йирик марказлардан бири саналади. Унда бугунги кунда олти юз нафар ходим фаолият олиб боради. Академияда таржима, ахборот, экспертиза, матбаа ва нашриёт каби бўлим фаолият юритади.

Учрашув якунида Академия раҳбарияти ва жамоаси Ўзбекистондаги илмий марказлар ҳамда тадқиқотчилар билан яқиндан ҳамкорлик қилишга катта қизиқиш билдирди.

 

Манба

Read 691 times

Янгиликлар

Top