Ўзбекистон янгиликлари

Ўзбекистоннинг диний-маърифий соҳадаги ислоҳотлари Миср ахборот агентликлари нигоҳида

Мисрнинг “Sawt Al Shaab”, “Misr al Balad” ва “Ал-Хабар ал-Йаум” ахборот агентликлари “Ўзбекистон: буюк ишларга янги уфқлар очган маърифий ташаббус” сарлавҳали мақолани ўз ўқувчиларининг эътиборига ҳавола қилди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.


Унда Ислом ўзининг диний қадриятлари ва маърифий маданияти билан инсонни бешикдан қабргача бўлган ҳаёт йўлига етаклаши ва тўғри йўлни кўрсатиши, бу эса Исломнинг дин ва эътиқод сифатидаги мақбул маънавий қадриятлари билан ўзининг турли илмий, маданий ва иқтисодий унсурлари орқали узвий боғлиқликда намоён этиши ҳамда табиий равишда жамият тараққиёти, фаровонлиги ва тараққиётига олиб келиши, шу нуқтаи назардан Ўзбекистон ушбу мужассамлик негизларига асосланган мустақил тараққиёт моделига эга эканлиги қайд этилган.


“Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2018 йил 16 апрелдаги “Диний-маърифий фаолиятни тубдан такомиллаштириш бўйича алоҳида тартиб-қоидалар тўғрисида”ги қарори ушбу соҳадаги бир қатор улкан ташаббусларни йўлга қўйиш ва ҳаётга татбиқ этишда янги уфқларни очишда ҳал қилувчи таъсирини кўрсатди, деб ёзади Мисар ахборот агентликлари. Мазкур қарорга мувофиқ, Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида Дин ва ижтимоий масалаларни ўрганиш ва тушунтириш ахборот-таҳлил маркази ташкил этилган бўлса, Ҳадис мактаби ва Ўзбекистон мусулмонлари идораси хайрия жамғармаси, бундан ташқари, дунёнинг кўплаб мутафаккирлари ва ислом фанлари тадқиқотчиларининг эътиборини тортган Ўзбекистон халқаро ислом академияси ташкил этилди. Бу чоралар жаҳондаги кўплаб академик муассасаларни Ўзбекистон билан илмий кўприк ва билим соҳасида ҳамкорлик қилишга ундамоқда”.


Мақолада Ўзбекистон халқаро ислом академияси талабаларига халқаро фанлар, Қуръони карим илмлари, Пайғамбар алайҳиссаломнинг муборак ҳадислари, иймон ва тасаввуф масалалари, араб тили, унинг адабиёти ва маданияти, шунингдек, сиёсатшунослик ва инсоният цивилизацияларини ўрганиш бўйича кенг билим берилаётгани маълум қилинган.
Академиянинг ноёб қўлёзмалар ва эски тарихий китоблар билан тўлдирилган кутубхонаси доимий равишда фуқаролар кўмагида муҳим қўлёзмалар билан таъминланиб, бойитиб борилаётгани, ҳозирги пайтда кутубхонада минглаб қадимий китоблар қаторида 500га яқин нодир қўлёзма ва 1500 қадимги тарихий китоб мавжудлиги қаламга олинган.


Мақолада кейинги йилларда уламолар, таниқли олимлар делегацияларининг мамлакатимизга ташрифлари, шунингдек, Ўзбекистон делегацияларининг халқаро илмий анжуманларда иштирок этиш учун хорижга ташрифлари сони сезиларли даражада ошгани ҳам алоҳида қайд этилган.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

Read 808 times

Янгиликлар

Top