Ўзбекистон янгиликлари

Макка зиёратчиларга муштоқ

Мана бир неча йилдирки, жонажон юртимиздан ҳар йили минглаб юртдошларимиз Ҳаж ва Умра зиёратларини адо этиб келмоқдалар. Зиёратчиларимиз хотиржам ва бемалол ибодат қилишлари учун йилдан-йилга шарт-шароитлар яхшиланиб борилмоқда. Айни кунларда ишчи гуруҳ ходимлари Макка ва Мадина шаҳрида бу йилги ҳаж мавсумига қизғин тайёргарлик ишларини бошлаб юборишди.

Зиёратчилар ибодатларини чиройли ва мукаммал адо этишлари учун меҳмонхона тоза ва озода ҳолга келтирилиб, барча шарт-шароитлар муҳайё қилинмоқда.

Зиёратчиларимиз Макка шаҳрининг “Азизия” даҳасидаги кўркам, 23 қаватли, ҳашаматли “Аброж ал-Ҳидоя” меҳмонхонасида истиқомат қилишади. Ушбу меҳмонхона жуда ҳашаматли бўлиб, Макка шаҳрининг узоқ-узоқларидан кўриниб туради, тепасига қараган кишининг дўпписи тушиб кетади.

Меҳмонхонанинг кенг зали киши диққатини ўзига тортади. У ерда янги, қулай ўриндиқлар жойлаштирилган бўлиб, кўчадан чарчаб келган одам учун салқинланиб олишга мўлжалланган.

Зиёратчи ўз хонасига кўтарилмоқчи бўлса, ҳар бирига 21 тадан одам сиғдира оладиган бир нечта лифтлар мавжуд. Бу лифтлар шундай дастурланган-ки, битта тугмани боссангиз, сиз турган жойга энг яқин лифт дарров етиб келиб, истаган қаватингизга лип этиб олиб чиқиб қўяди. Ҳар бир қаватдаги йўлакларда гиламлар тўшалган бўлиб, гард тушса, ялагудек саранжом-саришта ҳолга келтирилган.

Ҳар бир хона 4 кишига мўлжалланган бўлиб, ётоқда ҳали оҳори тўкилмаган кўрпа-ю чойшаблар тўшаб қўйилган. Хонадаги телевизор орқали Каъбаи муаззама ёки Масжидун Набавийни тўғридан-тўғри томоша қилиб ўтириши мумкин. Шунингдек, ҳар бир хонада кийим жавони, ёзув столи, совутгич ва музлатгич ҳам мавжуд. Хоналар ўзгача дид билан безатилган. Маккадаги Ҳаж ишлари бўйича ҳамкорларимиз айтганидек: “Мақсад ҳожилар роҳатлансин!. Албатта, зиёратчиларимиз у ерга бориб жойлашгач, шарт-шароитлар шукронасини қилиб, чиройли, кенг ва озода хоналарга жойлашиб, ибодат ҳаловатини тотиб, юртимиз, халқимиз ҳақига дуои хайёрлар қилишлари нақадар улкан бахт! Ҳаж сафарига отланаётган юртдошларимизни Аллоҳ таоло ибодат ва дуоларини қабул қилиб, сафарларини бехатар айласин!

 

Макка шаҳридан

Ҳаж-2017 ишчи гуруҳи.

Read 5641 times

Янгиликлар

Top