Ўзбекистон янгиликлари

“Вақф” фонди диний таълим фидойилари ва олис ҳудуддаги масжидлар имомларига 831 млн. сўм ажратди

Шу йил 6 март куни бўлиб ўтган “Вақф” хайрия жамоат фонди йиғилишида муҳим масалалар муҳокама қилиниб, диний соҳада фидокорона меҳнат қилаётган бир гуруҳ ходимлар моддий рағбатлантирилди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Нуриддин домла ҳазратлари Рамазон ойида меҳр-мурувват ишларини янада кенгайтириш, диний соҳа ходимларини қўллаб-қувватлаш ва кам таъминланган оилаларга саховат ишларини уюштириш Фонд олдидаги энг долзарб вазифа эканини таъкидладилар. Айниқса, Рамазон ойи кўнгилларга хурсандчилик улашиш мавсуми эканини ифодаловчи кенг миқёсда хайрия ишларини амалга оширишга эътибор қаратдилар.
“Вақф” фонди томонидан муборак ой арафасида 52 нафар мударрис, 57 нафар ишчи-ходим ва 28 нафар талаба жами 137 нафарни қўллаб-қувватлаш учун 701 миллион сўм ҳамда олис ҳудудлардаги кам даромадли 26 та масжид имом-хатибини қўллаб-қувватлаш учун 130 миллион сўм, мазкурларга жами 831 млн. сўм моддий рағбат ажратилганини Фонд раҳбари Зиёвуддин Мирсодиқов йиғилишда маълум қилди, тақдирланганларга сертификатлар топширилди.
Шунингдек, диний соҳада кўп йиллар меҳнат қилган фахрийларга ҳам ҳурмат-эҳтиром кўрсатилиб, муносиб совғалар тақдим этилди.
Дин ишлари бўйича қўмита раисининг биринчи ўринбосари Давронбек Махсудов Фонд фаолиятини ривожлантиришда узоқ муддатли режаларни ишлаб чиқиш, хорижий тажрибани ўрганиш, шаффофлик ва очиқликни асосий мезон билиш каби йўналишларга катта урғу қаратди.
Йиғилишда Фонднинг Самарқанд ва Фарғона вилоятлари филиаллари ташаббускорлигини эътироф этиш баробарида Андижон, Бухоро, Наманган ва Навоий вилоятлари филиаллари фаолияти танқид остига қилинди.
Фонд тизимига оид бошқа масалалар ҳам кўриб чиқилди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Read 1068 times

Янгиликлар

Top