Ўзбекистон янгиликлари

Имом-хатиблар Муҳаммад алайҳиссалом минбарлари соҳибларидир

Тошкент ислом институти Модуль таълим тизими 3-курс талабалар учун “Ҳозирги кун дин ходими олдида турган муҳим вазифалар” мавзусида давра суҳбати ташкил этилди.

Суҳбатда Тошкент вилояти бош имом-хатиби Жасур домла Раупов маъруза билан иштирок этди. Тадбирда институт ректори, профессор Муҳаммадолим домла Муҳаммадсиддиқов, проректор Умиджон домла Ходжаев ва битирувчи курс “имом-хатиб талабалар” иштирок этдилар ҳамда учрашувни ректор кириш сўзи билан очиб бердилар.

Аллоҳ таоло илм аҳлининг мартабалари ҳақида шундай дейди: «Аллоҳ сизлардан иймон келтирган ва илм ато этилган зотларни (юқори) даража – мартабаларга кўтарур» (Мужодала сураси, 11-оят). Имом-хатиблар ҳам ана шундай илм ато қилинган ва даражалари жамият орасида юқори бўлган инсонлардир.

Муовия розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Аллоҳ кимга яхшиликни ирода қилса, уни динда фақиҳ қилиб қўяди», дедилар» (Термизий ривояти).

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ер юзида уламолар худди еру сувнинг қоронғулигида йўл топишга ёрдам берувчи йўлчи юлдузга ўхшайди. Юлдузлар ғойиб бўлганда йўловчилар адаша бошлайдилар», деганлар (Аҳмад ибн Ҳанбал ривояти).

Имом-хатиблар уламолар ўлароқ халқни тўғри йўлга бошлашда асосий вазифаларни адо қилмоқдалар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Сизларнинг ҳар бирингиз бошқарувчидир ва ҳар бир қўл остингиздагидан сўраласизлар” (Имом Бухорий ривояти). Дин ходими бугунги кунда жамият аъзоларининг эътиқоди ва ахлоқига қайсидир маънода масъул ҳам ҳисобланади.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Муоз ва Абу Мусо розияллоҳу анҳуга енгиллаштиринглар, қийинлаштирманглар. Мамнун қилинглар, нафратлантирманглар. Бир-бирларингизни яхши кўринглар, ихтилофга борманглар, дедилар (Имом Бухорий ва Муслим ривояти).

Имом-хатиблар доимо инсонларга яхши гапириб, чиройли маърузалар билан динга даъват қиладилар. Аллоҳ таъоло “(Эй Муҳаммад) Роббингизнинг йўли (дини)га ҳикмат ва чиройли насиҳат билан даъват этинг! Улар билан энг гўзал услубда мунозара қилинг”, деган. (“Наҳл” сураси, 125-оят).

Ҳозирги кунда халқ фаровонлиги, юрт тинчлиги ва инсонлар маънавиятини оширишда дин ходимларининг, имом-хатибларнинг хизматлари беқиёс. Маҳалладаги оилавий яраштириш ишлари, ёт ғоялар таъсирига тушиб қолганлар билан ишлашда, кам таъминланган оилаларга ёрдам кўрсатишда, таълим муассасалари ўқувчи ёшларига таълим-тарбия беришда, панду-насиҳат қилиш каби муҳим вазифаларни бажариб келмоқдалар. Имомларимиз нафақат масжид минбаридан, шу билан бирга оммавий ахборот воситаларида ва интернетда ваъз иршод қилмоқдалар, масжидлар қурилишида жонбозлик кўрсатмоқдалар. Албатта, улар бу ишларни Аллоҳ ризолиги йўлида, дин ва халқ хизмати йўлида бажармоқдалар.

Олимлар пайғамбарларнинг меросхўрларидир. Ҳадиси шарифда “олимларни паст санаманглар, Аллоҳ таоло илм бераётганида уни паст санамаган”, дейилган. Шундай экан, одамлар имом-хатибларни қадрлашлари лозим бўлади.

ТИИ Матбуот хизмати

Read 811 times

Янгиликлар

Top