Ўзбекистон янгиликлари

Хушхабар: “Исломобод” масжиди янги биноси очилди

Бугун, 22 март куни Тошкент шаҳри Олмазор тумани “Исломобод” жоме масжиди янги биноси иш бошлади. Унинг очилиш маросимида Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Нуриддин домла ҳазратлари, уламолар, имом-хатиблар, маҳалла фаоллари ва масжид қавми иштирок этди.
Маросимда Муфтий ҳазратлари йиғилганларни Рамазони шариф билан қутлаб, масжид қавмини ушбу улкан ва кўркам барча қулайликларга эга масжид билан муборакбод этдилар, бунёдкорлик ишларига ҳисса қўшганлар ҳақига хайрли дуолар қилдилар.
Маълумот ўрнида, Тошкент шаҳри Олмазор тумани Сағбон кўчасида қурилган мазкур уч қаватли “Исломобод” жоме масжиди ҳомийлар ва саховотпеша инсонлар кўмагида бунёд этилди. 2019 йилнинг октябрида қурилиши бошланган ушбу масжиднинг хонақоҳида 8 минг киши, ҳовлиси ва ён-атрофидаги жойлар билан бирга масжид 13 минг намозхонга хизмат кўрсата олади. Унинг миноралари ўзгача кўрк бағишлайди, таҳоратхонаси эса 150 кишига мўлжалланган. Бундан ташқари, маъмурият, кутубхона ва шу каби зарур хоналар ҳам барпо этилган ва уларнинг барчаси замонавий қулайликларга эга тарзда жиҳозланган.
Эндиликда катта кўча бўйида жойлашган мазкур масжид, нафақат ҳудуддаги маҳалла аҳлига, балки кўплаб йўловчиларга ҳам ибодатларини ўз вақтида адо этишига хизмат қилади.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Read 1525 times

Янгиликлар

Top