Ўзбекистон янгиликлари

Тазкия ва тарбия: Менга эргашинглар. (Шунда) Аллоҳ сизларни севади – 8 қисм

Сустлашманг. Сустлик хайр-барака бўлган амаллардан маҳрум қилувчи катта тўсиқдир. Баъзан қалбимизда амал қилиш хаёли ёки яхши ишга туртки келади. Бироқ, уни қийин санаб ёки сусткашлик туфайли ёхуд кейинга суриш сабабли тарк қиламиз. Зинҳор бундай қилманг, баҳоналарга берилманг. Биз билмаймиз, ортга сурган вақт келадими ёки йўқ. Келган тақдирда ҳам уни бажаришга интилиш қалбимизда яна пайдо бўладими ёки йўқ. Қалбимизда хоҳиш бор ҳам дейлик, лекин соғлигимиз кўтарадими, буни билмаймиз.

Саҳобалар ва Суннатга эргашиш. Саҳобалар тақвонинг юқори чўққисига кўтарилиб, солиҳлик ва хайриятда камолга етгандилар. Ҳамма ишда Аллоҳ берганига рози бўлиш мақомида эдилар. Буларнинг барчаси суннати мутаҳҳарага эргашишга қаттиқ хоҳишлари бўлганидан эди. Қайси бир суннат уларга етса, ҳеч иккиланмай ўша заҳоти унга амал қилардилар, кечиктирмасдилар. Саҳобалар ҳақидаги хабарларга қарасангиз, бунга шоҳид бўласиз. Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам жума кунида (хутбада) тик тургач: “Ўтиринглар”, дедилар. Буни эшитган Ибн Масъуд розияллоҳу анҳу масжид эшиги олдида ўтириб олдилар. Уни кўрган Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Кел, эй Абдуллоҳ ибн Масъуд”, дедилар”[1].

Ҳа, саҳобалар шундай бўлишган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни бир оғиз гапларини ўша заҳоти бажарганлар. Аллоҳ улардан рози бўлсин!

Имом Сарҳиндий ва Суннатга эргашиш. Шайх Аҳмад Сарҳиндий айтадилар:

“Доим дуо қиламан:

Ўқилиши: “Аллоҳумма аҳйиний муттабиъан лиссунати ва амитний муттабиъан лиссунати ваҳшурний ала иттибаъис суннати”. Маъноси: “Аллоҳим, мени Суннатга эгашувчи қилган ҳолда яшатгин, мени Суннатга эгашувчи ҳолда вафот эттиргин, мени Суннатга эргашувчи узра тирилтиргин”.

Умидим шуки, Аллоҳ шу дуо сабабли менга ва Суннатга амал қилганларга неъмат ўлароқ нажот берса”.

У зотнинг бу гапидан маълум бўладики, Суннатга амал қилиш баробарида кашф ва кароматнинг эътибори йўқ. Шайх ҳазратларининг кашфу кароматлари алоҳида даражада. Аммо, шундай бўлса-да, ҳаётда ҳам, вафот этганда ҳам, ҳатто одамлар ҳаётларида қилган амаллари узра тирилишлари борлигига ишониб, ҳашр кунида ҳам Суннатга эргашувчи ўлароқ тирилишга ошиқяптилар.

Шайх Таҳонавийнинг Суннатга эргашишлари. Шайх Таҳонавий раҳматуллоҳи алайҳ айтадилар:

“Бир неча кундан бери таомимдан қовоқ чиқяпти. Бу ҳақида аёлимдан сўрасам, у дедики, бир китобда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам қовоқни яхши кўрганларини ўқигандим. Ходимга бозорда қовоқ учраса, олиб келишини буюрдим. Токи, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам яхши кўрган таомларини пиширайлик.

Буни эшитиб, аёлим оддий Суннатга бунчалик эътибор бергани, биз эса ҳадис ва сийратдан дарс бериб, тафсилотларини билсак-да, кўпгина Суннатларга эътибор бермаганимиз учун вужудим титраб кетди. Шундан кейин қасд қилиб, ҳамма суннатларга мурожаат қилиб, улар асосида ҳаёт кечиришга юзландим. Олдинлари амал қилмаган суннатларни бажо келтиришга бел боғладим. Бунинг учун уч кун вақтим кетди.

Хулоса. Суннатга эргашиш қалб ислоҳи ва нафс тазкияси йўлида муҳим рол ўйнайди. Шу билан бир қаторда у қисқа вақтда Аллоҳга суюкли бўлишга сабаб бўлади. Демак, биз Суннатга амал қилиш учун уч босқични амалга оширишимиз керак:

1) Қалбимизда Суннатга амал қилишга туртки пайдо қилишимиз;

2) Сунан ва шамоил китобларини ўрганиб, амалларимизни уларда баён қилинган суннатларга солиштириб кўриш;

3) Ҳаётнинг ҳамма жабҳасида Суннатни ҳакам килишга бел боғлаш.

 

[1] Сунан Абу Довуд, “Имом хутбасида кишига гапириши боби”, 1091-ҳадис. Имом Абу Довуд айтади: “Бу мурсал сифатида билинган. Одамлар буни Атодан, у Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилган. Махлад – у шайхдир”.

Read 879 times

Янгиликлар

Top