Ўзбекистон янгиликлари

Президент қарори амалда: хонадонларда ифторлик йўқловлари

Рамазон ойи Қуръони карим барокати, гўзал хулқнинг фазилатлари билан зийнатланган муқаддас ойдир. Бу улуғ ойда қиланажак дуолар ижобат бўлади, ибодат ва хайрли амалларнинг ажри юксалади. Нафс турли иллатлардан тозаланиб, қалб покланади. Эътиборлиси, ушбу муборак ойда элимизнинг асрлар оша сайқаллашиб келаётган меҳр-оқибат, саховат ва инсонпарварлик каби хислатлари яққол намоён бўлади.

Президентимизнинг 2023 йил 21 мартдаги “Муборак Рамазон ойини муносиб тарзда ўтказиш тўғрисида” ги қарорида одамийлик, инсон шаънини улуғлаш, яхшилик ва меҳр-саховат каби фазилатларни намоён этадиган, бугунги тинч ва осойишта ҳаётимизни қадрлаш, оила ва маҳаллаларда, бутун юртимизда меҳр-оқибат, ўзаро ҳурмат муҳитини мустаҳкамлаш, кам таъминланган, ижтимоий ҳимояга  муҳтож кишиларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга қаратилган тадбирларни ташкил этишга алоҳида эътибор қаратиш зарурлиги белгиланди.

Ўзбекистон Мусулмонлари идорасининг Наманган вилоятидаги вакиллиги томонидан шаҳар ва туманларда, чекка ва олис ҳудудлардаги эҳтиёжманд оилалар учун ифторлик дастурхонлари ташкил этилмоқда. Унда Рамазон ойининг фазилатлари, бугунги кунда инсон қадрини улуғлаш борасидаги ўзгаришлар ҳақида мулоқот қилинмоқда. Наманган шаҳрининг Байналмилал маҳалласи, “Зафар” кўчасида истиқомат қилувчи 80 ёшли нуроний Сайдулло Ҳамидов Рамазон ойининг илк кунларидаги ифторликни кутилмаган меҳмонлар билан биргаликда қарши олди. Ўзбекистон Мусулмонлари идорасининг шаҳар бўйича вакили, шаҳар бош имом-хатиби Мусохон Аббосиддинов, мазкур ҳудудда жойлашган “Яҳёхон тўра” жоме-масжиди имоми Нуруллоҳ Жамолов табаррук кекса хонадонини йўқлаб, ифторликда иштирок этди.

Самимий руҳда кечган суҳбат давомида давлатимиз раҳбарининг яқинда Сурхондарё вилоятига қилган ташрифи чоғида Рамазон ойида ҳудудларда кам таъминланган оилаларга ифторлик ташкил этиш, уларга хайр-эҳсонлар улашиш борасида берган топшириқлари асосида савобли ишларга киришилгани энг аввало, Янги Ўзбекистонда “Инсон қадри учун!” тамойили кундалик ҳаётимизда ўз ифодасини топаётганлиги таъкидланди.

Ҳамидовлар оиласини вилоят марказидаги ибратли хонадонлардан бири сифатида кўрсатишга муносиб. Боиси, хонадон соҳиби олий маълумотли иқтисодчи сифатида узоқ йиллар халқ хўжалигининг турли тармоқларида самарали ишлади. Етти фарзанд – беш ўғил ва икки қизни элга камарбаста қилиб тарбиялади. Ҳаж зиёратини адо этган, ҳозирда шукроналик ҳисси билан элликдан ортиқ набиралари даврасида умргузаронлик қилмоқда. Сайдулло ота ўзига хос “уч авлод учрашуви” дан беҳад миннатдорлигини билдиргани ҳолда, Ватан равнақи, халқ фаровонлиги, юртимиз барқарорлигини тилаб, дуога қўл очди.

Тадбирда ушбу оилага зарур озиқ-овқат маҳсулотлари ва диний-маърифий китоблар туҳфа этилиб, дилларга қувонч улашилди. Вилоят, шаҳар ва туманлар ҳокимликлари билан ҳамкорликда диний идора мутасаддилари, имом-хатиблар иштирокида кам таъминланган оилалар хонадонларида ифторлик йўқловлари давом этмоқда. Албатта, мамлакат раҳбарининг ташаббуси билан халқимиз учун эзгулик, меҳр-мурувват, саховат, олижаноблик ва шукроналик тимсоли бўлган Рамазон ойида амалга ошрилаётган бу каби улуғвор ишлар жамиятимизда тинчлик, дўстлик, меҳр-оқибат ва бағрикенглик муҳитини мустаҳкамлашга хизмат қилади.

Оқилхон Дадабоев, ЎзА

Read 1024 times

Янгиликлар

Top