Ўзбекистон янгиликлари

Уламоларнинг воҳага ташрифидан аҳоли мамнун

Айни кунларда Сурхон воҳасида бўлиб турган Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Нуриддин домла ҳазратлари бошчилигидаги уламоларнинг чекка ҳудудлардаги масжидларда қилаётган маърифий суҳбатларидан минглаб мўмин-мусулмонлар баҳраманд бўлишмоқда.

Хусусан, Муфтий ҳазратларининг Термиз шаҳридаги “Ҳаким Термизий” масжидига ташрифидан намозхонлар жуда мамнун бўлишди. Муфтий ҳазратлари суҳбат аввалида мўмин-мусулмонларга Юртбошимизнинг Рамазон табригини етказдилар. Сўнг муборак ойда ажру мукофот кўп амаллар, инсонларга манфаат етказадиган хайрли ишларни кўпайтириш борасида манфаатли суҳбат қилиб бердилар.

Ана шундай илмий-маърифий суҳбатлар Тошкент шаҳар “Абдулҳамид ҳожи” масжиди имом-хатиби Жамолиддин домла Азимов иштирокида Сариосиё туманидаги “Хўжа Муҳаммад Порсо” масжидида, Тошкент шаҳар “Ҳазрати Имом” масжиди имом-хатиби Ҳабибуллоҳ домла Абдураззоқов томонидан Шўрчи туманидаги “Абу Бакр Сиддиқ” жомесида, Тошкент шаҳар “Қўшқўрғон” масжиди имом-хатиби Ўктам домла Маҳкамов иштирокида Денов туманидаги “Чамбил” масжидида ва Тошкент шаҳар “Гўзал” масжиди имом-хатиби Равшанбой домла Раимқулов иштирокида Сариосиё тумани “Хожа Муҳаммад Порсо” масжидида бўлиб ўтди.

Уламолар самимий мулоқот ва маърифий суҳбатлар давомида ҳудуддаги аҳоли вакилларини муборак Рамазон ойи билан қутлаш билан бирга, мазкур ойнинг фазилати, унда қилиш лозим бўлган хайрли амаллар ҳақида мавъиза қилиб беришди.

Мазкур маърифий учрашувларда диёримизда диний-маърифий соҳада бўлаётган сўнгги янгиликлар, амалга оширилаётган хайрли ишлар хусусида ҳам маълумот берилди.

Ўз навбатида мазкур манфаатли суҳбатлардан мўмин-мусулмонлар катта фойдалар олганини таъкидлашиб, уламоларга миннатдорчилигини билдиришди.

Муфтий ҳазрат бошчилигидаги уламоларнинг воҳа вилоятларига ташрифи давом этмоқда.

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Read 881 times

Янгиликлар

Top