Ўзбекистон янгиликлари

Мадраса талабалари билими синовдан ўтказилди ва бир гуруҳи рағбатлантирилди

Шу йил 5 апрель куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Нуриддин домла ҳазратлари Имом Термизий халқаро илмий тадқиқот маркази ҳамда Имом Термизий ўрта махсус ислом таълим муассасасига ташриф буюрдилар.

Муфтий ҳазратлари ташрифни марказ илмий ходимлари томонидан нашр этилган 70 дан зиёд китоб, рисола ва таржима ишлари ҳамда Имом Термизий ўрта махсус ислом таълим муассасаси фаолияти, талабалар ва педагог-ўқитувчиларга яратилган шарт-шароитлар билан танишишдан бошладилар.
Дастлаб Имом Термизий ўрта махсус ислом таълим муассасасида таълим учун яратилган шароитлар ҳамда талабаларнинг дарс жараёни билан яқиндан танишдилар. Муфтий ҳазратлари талабаларга ўз соҳаси бўйича билимларни пухта эгаллашлари, келажакда етук олим бўлиб етишишлари лозимлигини тушунтирар экан, ўз фикрларини айни пайтда дунёдаги вазиятни теран англайдиган кадрларга эҳтиёж ҳар қачонгидан ҳам юқорилиги билан изоҳладилар.


Муфтий ҳазратлари Таълим муассасаси талабалари билан бўлган дарс жараёнида иштирок этдилар ва талабаларга фиқҳ фанига оид саволлар бердилар. Талабалардан фиқҳий саволларга фаол жавоб бериб, араб тилида мулоқот қилган иқтидорли талабалар ва кам таъминланган оила фарзанди бўлган толиби илмларнинг жами 15 нафарига Ўзбекистон мусулмонлари идораси томонидан 27 миллион сўмлик моддий рағбатлантирилди. Муфтий ҳазратлари томонидан қилинган бу моддий рағбатлантириш талабаларнинг илм олишга бўлган қизиқишларини янада оширди.
Шундан сўнг Муфтий ҳазратлари таълим муассасаси фаолияти, ўқув хоналари, кутубхона, медиастудия ҳамда таълим ва тадқиқот учун яратилган шароитлар билан таништирилди.
Муфтий ҳазратларининг ташрифи доирасида Марказ илмий ходимлари ва таълим муассасаси мударрис ва талабалари билан “Устоз ва шогирдлик мақоми” тўғрисида илмий суҳбат бўлиб ўтди.
Муфтий ҳазратлари мажлисда йиғилганларга илм талаб қилиш йўлида чекиладиган машаққатлар, илмга қандай йўллар билан амал қилиниши, илм йўлида юрганларни даражалари ва илм ўзаро музокара қилиш ҳамда илмда бардавом бўлиш билан ривож топиши ҳақида батафсил Қуръони карим оятлари, ҳадиси шариф ва уламоларнинг ҳаётидан мисоллар билан тушунтириб бердилар.
Суҳбат асносида муфтий ҳазратлари талабаларга: “Менга ихтиёр берилганда талабаликни танлаган бўлар эдим. Чунки талабалик бу улуғ шараф. Сизларнинг оёғингиз остида фаришталар қанотини тўшаб жаннатга етакламоқда. Устозларни рози қилинглар, уларни хизматини қилиб, дуосини олишга ҳаракат қилинглар. Зеро, устозлар дуосини олган шогирд илмидан ва ҳаётидан барака топади”, – деб таъкидладилар.


Ташриф сўнгида Муфтий ҳазратлари Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг асосий мақсади таълимни ривожлантириш, дин ва жамият тараққиёти учун керак бўлган етук кадрлар тайёрлаш ҳамда бу йўлда хизмат қилаётган устоз ва талабаларни доимий қўллаб-қувватлашдан иборат эканлиги таъкидланди.
Муфтий ҳазратлари Марказ ва таълим муассасаси фаолиятини янада ривожлантириш борасида ўзларини фикрларини билдириб, бу муассасаларда фаолият олиб бораётган устозлар, илмий ходимлар ва талабалар ҳаққига дуо қилдилар.

 

 

 

 

 

 

 

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Read 1005 times

Янгиликлар

Top