Ўзбекистон янгиликлари

Савоб ишни ҳар ким, ҳар куни қилиш керак

Муборак Рамазон ойи муносабати билан Жиззах вилоятининг қишлоқ ва маҳалла фуқаролар йиғинларида меҳнат фаолиятида алоҳида хизмат кўрсатган нуроний отахон ва онахонлар, эҳтиёжманд, кам таъминланган оилалар аъзолари учун муқаддас қадамжоларга саёҳатлар уюштирилиб, ифторлик дастурхонлари ташкил этилаётир.

Давлатимиз раҳбарининг жорий йил 21 мартдаги “Муборак Рамазон ойини муносиб тарзда ўтказиш тўғрисида” ги қарори ижроси доирасида вилоятда кўплаб хайрли ишлар амалга оширилмоқда. Жумладан, Бахмал туманида истиқомат қилувчи бир гуруҳ кам таъминланган фуқаролар ҳомийлар ҳисобидан  ҳамиша навқирон ва  қадимий шаҳар Самарқанд  зиёратида бўлиб қайтди.  

Шунингдек, тумандаги “Нўшкент” маҳалла фуқаролар йиғинида истиқомат қилаётган ижтимоий ҳимояга муҳтож, ногирон, кам таъминланган оилалар вакиллари ҳамда рўзадор нуроний отахон ва онахонларнинг 200 нафарига “Само” тўйхонасида туман ҳокимлиги, cектор раҳбарлари, “Маҳалла” хайрия жамоат фонди туман бўлинмаси томонидан ифторлик дастурхони ташкил қилинди.  

***  

Арнасой тумани 2-сектор ҳудудига қарашли “Чинобод” МФЙда “Темир дафтар” ҳамда “Аёллар дафтари” га киритилган фуқароларга Ўзбекистон “Маҳалла” хайрия жамоат фонди туман бўлинмаси ҳомийлигида ҳам ифторлик дастурхони ташкил этилди.  

Ифторлик сўнгида Қуръон тиловат қилиниб, ўтган марҳумлар ҳаққига бағишланди ва Яратгандан юртимизга тинчлик, ҳалқимизга фаровонлик, деҳқончилик, чорвачилик ва бошқа барча соҳаларга қут-барака сўралди.  

Бундан ташқари, тумандаги ётиб қолган беморлар, ўзгалар кўмагига муҳтож якка ёлғиз қариялар, боқувчисини йўқотган оилалар ҳолидан хабар олиниб, уларга 17 турдаги озиқ-овқат маҳсулотлари улашилмоқда.  

***  

Муборак Рамазон ойи муносабати билан бир гуруҳ зарбдорлик меҳнат фахрийлари учун ҳам қадимий Самарқанд шаҳрининг тарихий обидаларига зиёрат ташкил этилди.  

Ушбу саёҳат давомида 40 нафар зарбдорлик отахон ва онахонлар шаҳарнинг диққатга сазавор жойлари, зиёратгоҳлари, кўҳна ва ҳамиша навқирон  Самарқанднинг асору атиқалари ва янгидан барпо этилган объектларида бўлдилар.  

Зиёратчиларга саёҳат якунида ифторлик дастурхони ёзилиб, иштирокчилар юртимизга тинчлик, осмонимизга мусаффолик, халқимизга фаровонлик ва оилаларга тотувлик тилаб дуо қилди.  

А.ҚАЮМОВ, Ж.ЁРБЕКОВ (сурат), ЎзА

Read 837 times

Янгиликлар

Top