Ўзбекистон янгиликлари

Тошкент ислом институти талабалари “2+1” форматидаги амалиётни бошладилар

Аввал хабар берганимиздек, Ўзбекистон мусулмонлари идораси тизимидаги 3 та олий ва 10 та ўрта махсус ислом таълим муассасалари ҳамда Ўзбекистон халқаро ислом академияси талабалари “2+1” форматидаги таълим шаклига кўра, 3 ой муддат оралиғида давом этадиган амалиётга босқичма-босқич чиқмоқдалар.

Тошкент ислом институти талабалари ҳам мазкур «Ижтимоий-маънавий муҳитни соғломлаштириш бўйича ҳудудий тарғибот гуруҳлари»га бириктирилган.

ТИИ талабалари 2 ҳафта аудиторияларда ўқиб, 1 ҳафта маҳаллаларда амалиёт ўтайдилар.

Тарғиботчи-амалиётчи талабаларнинг 1 ҳафталик давомли амалиётларини тўғри ва самарали ташкил этиш мақсадида институт ректори М.Муҳаммадсиддиқов бошчилигидаги ишчи гуруҳ (штаб) тузилди. Амалиёт даврида талабаларнинг фаолияти, хавфсизлиги, иш жараёнида юзага келиши мумкин бўлган муаммо ва бошқа масалаларда уларга ишчи гуруҳ томонидан зарур кўмак кўрсатилади.

Тарғиботчи талабалар 1-кунда ўзига бириктирилган маҳалла раиси, унинг маслаҳатчилари, профилактика инспектори, ёшлар етакчиси,  психолог билан учрашиб, мазкур маҳалла билан танишдилар.

Фахриддин Маманасиров, Муслим Боймиров, Наврўзбек Абдубанноев, Ислом Убайдуллаев, Фазлиддин Сувонов, Дилшод Насиров, Абдулбосит Қобилов, Юсуф Абдаруҳимов каби ўқитувчилар амалиётчи талабаларни жойларга етиб бориши, тарғибот фаолиятларини бошлашларига кўмалашиш мақсадида бириктирилган маҳаллаларга ташриф буюрдилар.

Тошкент ислом институти талабаларига пойтахт, Тошкент ва Сирдарё вилоятларидан 289 та маҳалла бириктирилган.

Амалиётда талабалар республикадаги маҳаллаларда илмий-маърифий тадбир ва суҳбатлар ташкил қиладилар. Жойлардаги имом-хатиблар, маҳалла раислари ҳамда фаоллар кўмагида талабалар аҳоли билан мулоқот қиладилар, диний-маърифий йўналишдаги саволларига жавоб берадилар.

ТИИ Матбуот хизмати

Read 867 times

Янгиликлар

Top