Ўзбекистон янгиликлари

Имом-хатибларимиз хориждаги ватандошлар билан учрашувлар ўтказмоқда

Шу кунларда Тошкент шаҳри «Тўра бува» жоме масжиди имом-хатиби Шавкат Ҳамдамов Россия Федерациясининг Санкт-Петербург шаҳрига ташриф буюриб, «Балтранс» қурилиш ширкати, «Южный» миграция маркази ва «Балтийский берег» балиқни қайта ишлаш заводида вақтинча меҳнат қилаётган ватандошлар билан учрашувлар ўтказди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.
Учрашувлар чоғида Ўзбекистон мусулмонлари идораси вакилининг маънавий-маърифий ва тарбиявий мавзулардаги маърузаси тингланди. Воиз хориждаги ватандошлар, улар ўртасидаги ўзаро муносабатлар, ўзликни англаш ва миллий қадриятларимиз ҳамда маданиятимизни кенг тарғиб этиш масалаларига алоҳида эътибор қаратди.
Бош консуллик ходимлари, ўз навбатида, 30 апрель куни бўлиб ўтадиган умумхалқ референдуми тафсилотлари ва хорижда истиқомат қилиб келаётган юртдошларимиз учун 19-26 апрель кунлари ташкил этиладиган муддатидан аввал овоз бериш жараёни ҳамда участкалар ҳақидаги батафсил маълумотларни ўртоқлашдилар.
Ширкатлар раҳбарияти билан кечган мулоқот якунлари ўлароқ, Ўзбекистон фуқароларнинг референдумда овоз бериши учун сайлов участкаларини ташкил этиш юзасидан келишувга эришилди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Read 867 times

Янгиликлар

Top