Ўзбекистон янгиликлари

Байрам кунларида хайрия тадбирлари давом этмоқда

Давлатимиз раҳбарининг “Рамазон ҳайитини нишонлаш тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш доирасида Қорақалпоғистон Республикаси шаҳар ва туманларида хайрия тадбирлари давом этмоқда.

Таъкидлаш жоизки, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раисининг кам таъминланган оилалар вакилларини Умра зиёратига юборишда давлат томонидан ёрдам бериш борасидаги илтимоси Президентимиз томонидан қаноатлантирилиб, 100 нафар қорақалпоғистонлик Умра зиёратига бориб қайтди. Кам таъминланган ва эҳтиёжманд оилалар, ижтимоий дафтарларда рўйхатда турган хонадонлар вакилларининг давлат томонидан берилган йўлланма асосида Умра зиёратига юборилиши улар учун ҳақиқий байрам туҳфаси бўлди. Муборак Рамазон ойида  меҳр-оқибат, ўзаро ҳурмат муҳитини мустаҳкамлаш, кам таъминланган, ижтимоий ҳимояга муҳтож кишиларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш мақсадида “Маҳалла” хайрия жамоат фонди томонидан жойларда ифторлик дастурхони ёзилиб, уларга маҳаллалардаги рўзадорлар ва ижтимоий ҳимояга муҳтож “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари” да рўйхатда турувчи оилалар таклиф этилди.

Барча юртдошларимиз сингари, Оролбўйи аҳолиси ҳам Рамазон ҳайитини катта хурсандчилик билан, ўзгача кайфиятда қарши олди. Айниқса, байрам муносабати билан Президентимизнинг халқимизга йўллаган табриги уларга янада катта қувонч бағишлади. Байрам куни 63 та масжидда ҳайит намози адо этилиб, уларга 43 минг нафардан зиёд киши ташриф буюрди.  Байрам муносабати билан жойларда хайрия тадбирлари ўтказилиб, эҳтиёжманд кишилар, кам таъминланган оилаларга 129 миллион 950 минг сўм, “Саховат” ва “Мурувват” интернат уйларига,  Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари ва меҳнат нуронийларига  14 миллион 600 минг сўм моддий ёрдам кўрсатилди. Буларнинг барчаси давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан мамлакатимизда амалга оширилаётган “Инсон қадри учун” тамойилининг амалдаги ифодаси бўлиб ҳисобланади.  

Байрам кунлари хайрия тадбирлари давом этмоқда.

Довуд АБИБУЛЛАЕВ, Мақсад ҲАБИБУЛЛАЕВ (сурат), ЎзА

Read 790 times

Янгиликлар

Top