Ўзбекистон янгиликлари

Халқимизга ислом моҳиятини тўғри тушунтириб бериш, жаҳолатга қарши маърифат билан курашиш ҳар қачонгидан долзарбдир

Бугунги кунда муқаддас динимизга бўлган эътибор янги босқичга кўтарилди. Йилдан-йилга муборак Ҳаж ва Умра сафарларига бораётганлар сафи ортиб, улар учун яратилаётган шароитлар ҳам кенгаймоқда.

Президентимиз бугунги кунда дин хизматчилари, ибодатга бел боғлаган юртдошларимизни атрофдагиларга ўрнак бўлиш, ҳаётда қоқилган ёки адашганларни тўғри йўлга бошлашга даъват этмоқда.

Диний-маърифий соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар бой илмий-тарихий меросимизни ўрганиш ва тарғиб қилишга хизмат қилиш билан бирга неча асрлардан бери Ислом динига эътиқод қилиб келаётган халқимизнинг диний маърифатини янада юксалтиришда катта аҳамиятга эга.

Куни кеча Президент Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Нуриддин домла Холиқназаровни қабул қилар экан, мулоқотда диний-маърифий йўналишларда, буюк аждодлар илмий меросини ўрганиш ва халқимизга етказиш борасида амалга оширилаётган ишлар сарҳисоб қилинган.

Суҳбат жараёнида, бугунги таҳликали дунёда халқимиз, айниқса, ёшларга ислом моҳиятини тўғри тушунтириб бериш, жаҳолатга қарши маърифат билан курашиш ҳар қачонгидан долзарб аҳамият касб этмоқда. Шу боис юртимизда ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлигини таъминлаш, диний таълим сифатини янада ошириш, ушбу йўналишдаги илғор халқаро тажрибани ўрганиб, юртимиздаги диний таълим муассасалари фаолиятига татбиқ этиш бўйича тизимли ишлар амалга оширилаётгани таъкидланган.

Рамазон ойи давомида барча имом-хатиблар иштирокида маҳаллалардаги 1 миллиондан зиёд кам таъминланган аҳолининг уйида ифторликлар уюштирилган. “Вақф” хайрия жамоат фонди ҳисобидан ёрдамга муҳтож фуқароларга 2 миллиард 446 миллион сўмлик хайр-у эҳсонлар қилинган.

Бу йилги Рамазон ойидаги яна бир муҳим янгилик 1 400 нафар кам таъминланган фуқароларнинг давлат томонидан умра зиёратига юборилиши бўлди. Улар муқаддас манзилларда туриб, халқимизга тинчлик, файзу барака тилаб хайрли дуолар қилдилар.

Шу билан бирга Президент жамиятда диний бағрикенгликни янада мустаҳкамлаш, фуқароларнинг виждон эркинлигини кафолатлаш бўйича ўз фикрларини билдиргани расмий ахборотларда қайд этилмоқда.

Ушбу учрашув ва унда муҳокама қилинган масалалар давлатимиз томонидан динимизга қаратилаётган эътиборнинг яна бир намунаси десак муболаға бўлмайди. Диний соҳада хизмат қилаётган уламолар, имом-хатиблар, мударрислар ва талабаларга ҳамда барча ислом динига эътиқод қилувчи фуқароларимиз бу каби эътибордан мамнун бўлмоқдалар. Шу билан бирга диний соҳа ходимлари олдига ўз вазифаларига янада сидқидилдан ёндашишлари, халқимизни тўғри йўлда мустаҳкам боришлари, уларнинг ҳидоятларидан оғишмасликлари учун буюк аждодларимизнинг илмий-маънавий меросларни тарғиб этишларига ундовчи тарихий учрашув бўлганлигини таъкидлашимиз лозим.

ЎМИ Самарқанд вилояти вакили

ЗАЙНИДДИН домла Эшонқулов

Read 852 times

Янгиликлар

Top