Ўзбекистон янгиликлари

“Янги ҳаёт" жомесига илк ғишт қўйилди

Бугун, 3 май куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Нуриддин домла ҳазратлари Сирдарё вилояти Сирдарё туманида қайтадан бунёд этилаётган “Янги ҳаёт” масжидининг илк ғишт қўйиш маросимида қатнашдилар. Шунингдек тадбирда Сирдарё вилояти бош имом-хатиби Ҳабибуллоҳ домла Зокиров, туман мутасаддилари, уламолар, нуроний оқсоқоллар, муҳандис ва қурувчи ҳамда маҳаллий аҳоли вакиллари иштирок этди.

Дастлаб Муфтий ҳазратлари жамоатга бугунги кунда диний-маърифий соҳадаги улкан ўзгаришлар, масжид ва мадрасалар обод бўлаётгани ҳақида сўз юритиб, бундай масжидлар элимизга маърифат тарқатиш маскани бўлиб хизмат қилаётганини алоҳида таъкидладилар.

Шунингдек, тадбирда Қуръон тиловат қилиниб, масжид бунёдкорларига эзгу ниятлар билдирилди, халқимиз фаровонлиги ва масжид қурилишига ҳисса қўшаётганлар ҳаққига дуолар ўқилди.
Маросим сўнггида эҳсон дастурхони ёзилди.

Таъкидлаш жоизки, ушбу масжиднинг эски биноси 1956 йилда қурилган. У пахса, хом ғиштдан бўлгани учун фойдаланишга яроқсиз ҳолга келганди. Қолаверса, кейинги пайтда намозхонлар сони ортиб, жамоат намозига хонақоҳ торлик қилаётган эди.

Эндиликда Сирдарё туманининг марказидаги аҳоли ва меҳмонларга қулайлик яратиш мақсадида, жоменинг янги биноси эски жойидан 200 метр катта йўл бўйига яқин манзилга кўчирилди.

Мажмуанинг умумий майдони бир гектарни ташкил этади. Янги хонақоҳга ёнидаги айвонлари билан қўшиб ҳисоблаганда 5 мингдан зиёд одамни сиғдира олади. Унда совуқ ва иссиқ кунлар учун барча шароит яратилади. Бундан ташқари, зиёратга чиққан йўловчи аёллар учун ҳам 25 кишилик алоҳида намозхона қуриш режа қилинган.

Лойиҳага кўра, 45 метрли миноралар ва баландлиги 20 метр, айланаси 10 метр бўлган гумбаз масжидга ўзгача файз ва виқор бахш этади.

Мажмуада маъмурият хоналари, замонавий кутубхона, мажлислар зали ва бошқа қўшимча бинолар ҳам ўрин олган. Таҳоратхонаси бир вақтнинг ўзида 100 кишига хизмат кўрсатади. Масжид қурилишини якунлаш ишлари 2025 йилга режа қилинган.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Read 1078 times

Янгиликлар

Top