Ўзбекистон янгиликлари

Сиз бизга кераксиз!

Инсоннинг қорни бир коса овқатга тўйиши мумкин. Лекин меҳрга, мурувватга тўйган киши топилмаса керак.

Тошкент вилоятининг бир қанча туман ва шаҳарларида эшитиш ва гапиришда нуқсони бор инсонлар билан диний-маърифий суҳбатлар ўтказиб келинмоқда.

Жорий йилнинг 6–8 май кунлари Ангрен, Олмалиқ ва Чирчиқ шаҳарларида жисмоний имконияти чекланган инсонлар билан “Сиз бизга кераксиз!” шиори остида хайрия тадбири ўтказилди.

Ангрен шаҳрида 80 нафар, Олмалиқ шаҳрида 60 нафар ва Чирчиқ шаҳрида 110 нафар имконияти чекланган юртдошларимиз иштирок этди.

Тадбирлар давомида юртимизда имконияти чекланганлар учун кўрсатилаётган ғамхўрлик, миссионерликдан огоҳ бўлиш ҳақида Ангрен шаҳар “Қорабоғ” жоме масжиди имом ноиби Низомиддин қори Абдумаликов, Олмалиқ шаҳар бош имом-хатиби Суннатуллоҳ домла Эрназаров, Чирчиқ шаҳар бош имом-хатиби Шавкат домла Алибоевлар нутқ сўзладилар.

Шунингдек, Ўзбекистон мусулмонлари идораси етакчи мутахассиси М.Абубакированинг “Сиз бизга кераксиз” кўргазмали чиқиши намойиш этилди ва маърузаси тингланди.

Имконияти чекланганлар ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олдилар, фикр-мулоҳазаларини баён қилдилар.

Адашиб, миссионерларнинг ҳийлаларига учиб, бошқа динни ихтиёр этганлардан Ангрен шаҳрида 8 нафари, Чирчиқ шаҳрида 10 нафари тадбир иштирокчилари олдида шаҳодат калимасини келтириб, иймон билан шарафланди.

Иштирокчиларга дастурхон ёзилиб, ош улашилди. Тадбир давомида “Вақф” хайрия жамоат фонди томонидан жами эллик миллион тўрт юз минг сўмлик озиқ-овқат маҳсулотлари ва совғалар берилди. Тадбир сўнгида хайрли дуолар қилинди, яхши тилаклар изҳор этилди.

Тошкент вилояти вакиллиги Матбуот хизмати

Read 1098 times

Янгиликлар

Top