Ўзбекистон янгиликлари

“Энг яхши китобхон” танлови ғолиби 10 миллион сўм билан мукофотланди

Аввал хабар қилаганимиздек, бугун, 25 май куни Ўзбекистон Ёзувчилари уюшмасида Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасарруфидаги олий ва ўрта махсус диний таълим муассасаларида таълим олаётган талабалар ўртасида “Энг яхши китобхон” кўрик танловининг Республика босқичи бўлиб ўтди.

Тадбирнинг очилиш маросимида Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари Уйғун домла Ғофуров ҳамда Ўзбекистон Ёзувчилари уюшмаси раиси Сирожиддин Саййидлар сўз олди ва китобхонликнинг ҳаётимиздаги ўрни ва аҳамияти ҳақида сўз юритиб, танлов иштирокчиларига муваффақият тиладилар.

Сўнгра танловнинг илк “Бадиий китоблар билимдони” шарти бўйича иштирокчилар беллашдилар. Билим ва маҳорат, китобхонлик ва мулоҳаза синалган ушбу шартда талабалар ўз салоҳиятларини намойш этишди. Уларнинг чиқишларини диний  идора масъуллари ва диний таълим муассасалари устозлари баҳолаб борди.

Қолган “Тезкор савол-жавоб”, “Буюк мутафаккир ва адиб” шартлари ҳам ана шундай муросасиз ва қизғин кечди. Якунда эса ўз билими ва китобхонлигини намойиш этган иштирокчилар ғолиб бўлди.
Натижаларга кўра:
“Энг яхши китобхон” танловида фахрли биринчи ўрин  “Хожа Бухорий” ўрта махсус ислом таълим муассасаси талабаси Муҳаммаджонов Хасанхон Ойбек ўғлига насиб этди. У биринчи даражали диплом ҳамда ўн миллион сўм пул мукофоти билан тақдирланди.

Фахрли иккинчи ўрин  “Жўйбори Калон” аёл-қизлар ўрта махсус ислом таълим муассасаси талабаси Аминжонова Гулжахон Ботирали қизига лойиқ кўрилди.  У ҳам иккинчи даражали диплом ҳамда саккиз миллион сўм пул мукофоти билан тақдирланди.

Учинчи ўрин соҳиби эса “Имом Фахриддин ар-Розий” ўрта махсус ислом таълим муассасаси Исмаилжонов Ҳадятулло Муҳаммадали ўғли бўлди. Унга учинчи даражали диплом билан ҳамда беш миллион сўм пул мукофоти тақдим этилди.

Шунингдек, танловдаги фаол иштироки учун  "Кўкалдош" ўрта махсус ислом таълим муассасаси талабаси Борлибоев Ҳамидулла Хайрулла ўғлига "Энг зукко китобхон" соврини ва фахрий ёрлиғи топширилди.
Уларни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари Уйғун домла Ғофуров ҳамда диний идора мутасаддилари тақдирлаб, келгуси ўқув ва илмий ишларига ривож тилади. 

Шунингдек, тақдирлаш маросими давомида “Вақф” хайрия жамоат фонди томонидан танловнинг ҳар бир иштирокчисига “Алфиқҳул ҳанафийю фи савбиҳил жадийд” номли беш жилдли китоб тақдим этилди.

Танлов якунида "Кўкалдош" ўрта махсус ислом таълим муассасаси мудири Абдулҳаким қори Матқулов сўзга чиқиб, барча ташкилотчи ва иштирокчиларга миннатдорлик билдириб, хайрли дуолар қилди.


ЎМИ Матбуот хизмати

Read 1094 times

Янгиликлар

Top