Ўзбекистон янгиликлари

“Ҳаж – 2023” ишчи гуруҳи зиммасига катта масъулият юкланди

Шу йил 1 июнь куни “Ҳаж – 2023” мавсумини намунали ўтказиш юзасидан навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Нуриддин домла ҳазратлари, Дин ишлари бўйича қўмита раиси Содиқжон Тошбоев, ишчи гуруҳи ва ошпазлар жамоалари иштирок этди.

Йиғилишда Муфтий Нуриддин домла ҳазратлари ҳаж қилувчи инсон Ҳақ таолонинг меҳмони экани, ҳаж амалини бажараётган кишига кўмак берган, унинг оғирини енгил қилган инсон улуғ савоб ва даражотларга ноил бўлишини сўзлаб, ҳар бир ишчи гуруҳи аъзоси ана шундай улуғ даражаларни мақсад қилиб, Раҳмоннинг меҳмонларига Ўзи рози бўладиган даражада сидқидилдан хизмат қилишни алоҳида қайд этдилар. Шунингдек, ишчи гуруҳи жамоаларининг ҳар бир аъзоси мавсум давомида ўзига юклатилган вазифаларни мукаммал бажариши ҳақида ҳам алоҳида таъкидладилар.

Муфтий ҳазратлари зиёратчилар билан мунтазам улуғ ибодат ҳақида суҳбатлар ташкил этиш, Фатво маркази уламолари билан учрашувлар уюштириш ва ижтимоий тармоқларда сафарга оид маълумотлар жойлаштириб боришни алоҳида қайд этдилар.

Дин ишлари бўйича қўмита раиси Содиқжон Тошбоев зиёратчиларнинг ибодатлари мукаммал бўлиши учун уларга қулай шарт-шароитларни муҳайё қилиш борасида Макка ва Мадина шаҳарларидаги ҳаж ишчи гуруҳи аъзолари бир неча кундан бери фаолият олиб бораётгани, авиқатновлар жадвали тасдиқлангани, виза расмийлаштириш ишлари давом этаётгани, меҳмонхоналар зиёратчиларни кутиб олишга тайёр ҳолга келтирилгани, мутасадди ташкилотлар билан амалга ошириладиган ишлар келишиб олингани, Мино, Арафот ва Муздалифадаги жойлар кўздан кечирилгани ҳақидаги муҳим маълумотларни тақдим этди. Шунингдек, жорий мавсумда “Ҳаж – 2023” ишчи гуруҳи зиммасида жуда катта масъулият турганини айтиб, ҳар бир ишчи гуруҳи аъзосидан ўз вазифасини тўла бажариши зарурлигини таъкидлади.

Аввало ҳаж сафарини адо этиш бахтига муяссар бўлган юртдошларимиз муборак заминдаги ҳар бир онларини мазмунли ўтказиши, бу кунларнинг ҳар бир сониясини ғанимат билиб, ундан фойда олиб қолишлари йўлида бор куч-ғайратни сарфлаши даркорлиги сўзланди.

Тадбир якунида ҳар бир ишчи гуруҳига белгиланган меҳнат тақсимоти тушунтирилди.

Аввал «Ҳаж – 2023» мавсумига тайёргарлик кўриш ва уни тартибли ўтказиш юзасидан видеобаёнот эълон қилинди.

Ўзбекистон мусулмонлари идорасиМатбуот хизмати

Read 1447 times

Янгиликлар

Top