Ўзбекистон янгиликлари

Ўзбекистоннинг сайёҳлик имкониятлари Саудия Арабистони матбуоти нигоҳида

Саудия Арабистонининг “Swift News” ва “Ain Al-Naqal” номли етакчи электрон нашрларида “Ўзбекистон саудияликларни визасиз тартиб билан қутлайди” номли мақола чоп этилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Мақолада таъкидланишича, Ўзбекистоннинг Жидда шаҳридаги Бош консули Нодиржон Турғунов Саудия Арабистони туристлари ва инвесторларини Ўзбекистонга боришга ва мамлакатнинг бой сайёҳлик ва сармоявий имкониятлари ҳамда ўзбек халқи маданияти ва урф-одатлари билан яқиндан танишишга чақирган. Албатта, бу икки давлат халқлари ўртасидаги дўстлик ришталарини чуқурлаштиришга, ўзаро савдо-иқтисодий ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга хизмат қилиши, шубҳасиз.

Бош консулхона маълумотига кўра, жорий йилнинг 1 январидан бошлаб Саудия Арабистони фуқаролари Ўзбекистонга 30 кунлик муддатга ўз юрти ёки учинчи мамлакатга учиш авиачиптасини тақдим қилган ҳолда визасиз боришлари мумкин. Мазкур чора Ўзбекистон Президентининг 2022 йил 16 августдаги “Саудия Арабистони Подшоҳлиги фуқаролари учун Ўзбекистон Республикасига кириш режимини янада соддалаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонига мувофиқ амалга оширилмоқда, деб ёзади Саудия Арабистони электрон нашрлари.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Read 738 times

Янгиликлар

Top