Ўзбекистон янгиликлари

2023 йилги ўрта махсус диний таълим муассасаларига қабул жараёни қай тартибда бўлади?

#Диний_таълим_муассасаларига_оид_энг_муҳим_савол_жавоблар


– Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасарруфида 3 та олий ва 10 та ўрта махсус ислом таълим муассасаси мавжуд.

Олий таълим муассасалари:
1. Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институти (Тошкент шаҳри);
2. Мир Араб олий мадрасаси (Бухоро шаҳри);
3. Ҳадис илми мактаби (Самарқанд вилояти).

Ўрта махсус ислом таълим муассасалари:
1. “Кўкалдош” (Тошкент шаҳри);
2. “Мир Араб” (Бухоро шаҳри);
3. “Саййид Муҳйиддин махдум” (Андижон вилояти);
4. “Ҳидоя” (Наманган шаҳри);
5. “Хожа Бухорий” (Қашқадарё вилояти);
6. “Фахриддин ар-Розий” (Хоразм вилояти);
7. “Муҳаммад ал-Беруний” (Нукус шаҳри);
8. “Имом Термизий” (Термиз шаҳри) ўрта махсус ислом таълим муассасалари фаолият юритади.

Шунингдек, 2 та аёл-қизлар ўрта махсус ислом таълим муассасаси бор бўлиб, улар қуйидагилар:
9. “Хадичаи Кубро” (Тошкент шаҳри) ва
10. “Жўйбори Калон” аёл-қизлар ўрта махсус ислом таълим муассасалари (Бухоро шаҳри).

2023 йилги ўрта махсус диний таълим муассасаларига қабул жараёни қай тартибда бўлади?

– Жорий йилда ҳам диний таълим муассасаларига абитуриентлардан ҳужжатларни қабул қилиш 20 июндан 20 июлга қадар давом этади.

Абитуриентлар ўрта махсус ислом таълим муассасаларининг қабул ҳайъатига қуйидаги ҳужжатларни тақдим этади:
– таълим муассасаси раҳбари номига ариза;
– паспорт ёки ID карта нусхаси (асли кўрсатилади);
– маълумоти тўғрисида аттестат ёки диплом (асл нусхаси);
– 3,5 х 4,5 ҳажмдаги 6 дона рангли фотосурат (сўнгги уч ойда олинган ва орқа фони оқ рангда бўлиши талаб этилади);
– чет тили билиши тўғрисидаги сертификат (маълумоти тўғрисидаги ҳужжатда кўрсатилган чет тилидан бошқа чет тили бўйича имтиҳон топширувчилар учун) асл нусхаси.

Ўрта махсус ислом таълим муассасаларига юртимиздаги ўрта, ўрта махсус, профессионал таълим муассасаларини тамомлагани тўғрисидаги ҳужжат (диплом)га эга бўлган фуқаролар қабул (тест синови) имтиҳонлари натижаларига кўра ўқишга қабул қилинади.

Мазкур диний таълим муассасаларига кириш учун имтиҳонлар қайси фанлардан бўлади?

– Ўрта махсус ислом таълим муассасаларига ҳужжат топширган абитуриентлар қуйидаги фанлар бўйича имтиҳон топширади:
1. Хорижий тил (тест синови) 30 Х 3,1 – 93 балл;
2. Тарих (тест синови) 30 Х 2,1 – 63 балл;
3. Маънавият ва маърифат (тест синови) 30 Х 1,1 – 33 балл.

Таъкидлаш жоиз, қабул имтиҳонлари саволлари умумий ўрта таълим мактабларининг ўқув дастурлари асосида тайёрланади.

Маълумот учун, ўрта махсус ислом таълим муассасалари қабул имтиҳонлари Ўзбекистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ҳузуридаги Билим ва малакаларни баҳолаш агентлиги (эски номи Давлат тест маркази) томонидан тест синови шаклида ўтказилади.

Ўрта махсус ислом таълим муассасаларига хорижлик фуқаролар ҳам ҳужжат топширса бўладими? Уларнинг қабул ва имтиҳон жараёнлари қандай кечади?

– Хорижлик фуқароларни олий ва ўрта махсус ислом таълим муассасаларига қабул қилиш алоҳида низом асосида амалга оширилади. Айни пайтда хорижлик фуқароларни ўқишга қабул қилиш Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институти ва “Кўкалдош” ўрта махсус ислом таълим муассасасида жорий этилган.

Хорижлик фуқаролар диний таълим муассасаларига ўқишга кириш учун қуйидаги ҳужжатларни тақдим этади:
– Қабул ҳайъати раиси номига ариза;
– маълумоти ҳақидаги ҳужжатларнинг асл нусхаси;
– соғлиғи тўғрисидаги тиббий хулоса;
– миллий паспорт (амалдаги визаси билан);
– 6 дона рангли фотосурат (3,5 х 4,5 ҳажмдаги);
– фуқаролиги бўлган мамлакатнинг муфтийси (Агар ўша юртда бундай лавозим бўлмаган тақдирда дин ишлари бўйича тегишли давлат бошқаруви органи) томонидан берилган тавсиянома (ёки йўлланма).

Хорижлик фуқаролар диний таълим муассасаларига Ўзбекистон мусулмонлари идораси томонидан ўтказиладиган ижодий суҳбат (имтиҳон) натижаларига кўра ўқишга қабул қилинади.

Мазкур имтиҳон хорижлик фуқароларни ўқишга қабул қилиш бўйича Ўзбекистон мусулмонлари идораси тузилган Махсус комиссия томонидан амалга оширилади.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
Muslim.uz | https://taplink.cc/muslimuz



Read 4409 times

Янгиликлар

Top