Ўзбекистон янгиликлари

Ўзбекистон делегацияси Саудия Арабистонидаги нуфузли симпозиумда иштирок этмоқда

Бугун, 20 июнь куни Ўзбекистон делегацияси Ҳаж ва умра ишлари вазири Тавфиқ бин Фавзон ар-Рабиа таклифига биноан Жидда шаҳрида бўлиб ўтаётган 47-анаънавий ҳаж бўйича нуфузли симпозиумда фаол қатнашмоқда. 

Ушбу делегация таркибига Ўзбекистон Республикаси Президентининг маслаҳатчиси Музаффар Комилов, Дин ишлари бўйича қўмита раиси Содиқжон Тошбоев, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раисининг биринчи ўринбосари Ҳомиджон домла Ишматбеков ва бир қатор соҳа мутахассислари жалб этилган.

Нуфузли тадбир Қуръони карим тиловати ва Ҳаж ва умра ишлари вазирининг кириш сўзи билан очилди. Шундан сўнг, Ҳарами шариф масжиди бош имоми Абдураҳмон ас-Судайс, Саудия Арабистони Соғлиқни сақлаш вазири каби мутасаддилар ҳаж мавсумини юқори даражада ўтказиш юзасидан амалга оширилаётган лойиҳаларни тақдим этдилар. 

Куннинг иккинчи ярмида симпозиум 4 та шўъбага бўлинган ҳолда ўз фаолиятини давом эттиради. Унда хорижий делегациялар учун зиёратчиларга сифатли хизмат кўрсатишдаги янгича ёндашувлар ва инновацион лойиҳалар ҳамда Мино, Арафот ва Муздалифадаги шароитларни яхшилаш борасидаги истиқболли режалар тақдимот қилинади.

Маълумот ўрнида, ушбу симпозиум 1970 йилдан буён ҳар йили ўтказиладиган энг кўзга кўринган тадбирлардан биридир. Унда уламолар, ислом ҳуқуқшунослари, ақида олимлари зиёратчиларга оид муҳим масалаларни муҳокама қиладилар ҳамда ечимларини баён этадилар.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси 

Матбуот хизмати 

Muslim.uz

Read 881 times
Tagged under

Янгиликлар

Top