Ўзбекистон янгиликлари

«Asia News» газетаси: Ўзбекистонда етти мингдан ортиқ тарихий, маданий, меъморий, археологик аҳамиятга эга бўлган қадимий ёдгорликлар мавжуд

Эроннинг машҳур «Asia News» газетасида Ўзбекистоннинг сайёҳлик салоҳиятига бағишланган мақола чоп этилди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.
Нашрда Ўзбекистон қадимдан Буюк ипак йўлининг марказида бўлиб келгани, буюк тарихий, маданий ва меъморий меросга эга эканлиги қайд этилган.
«Мамлакатда етти мингдан ортиқ қадимий ёдгорликлар мавжуд бўлиб, улар тарихий-маданий, меъморий ва археологик жиҳатдан катта аҳамиятга эга. Ўзбекистон буюк маърифатпарвар ва олимлар - Ибн Сино, Беруний, Ал-Хоразмий Мирзо Улуғбек ва бошқа буюк шахслар ватани бўлиб, улар жаҳон маданияти ҳамда илм-фани тамаддунига катта ҳисса қўшган»,- дейилади мақолада.
Материалда қайд этилишича, Ўзбекистоннинг тоғ ва чўллари манзаралари дунёнинг турли бурчакларидан келган сайёҳларнинг эътибори ва ҳайратига сабаб бўлмоқда. Шу боис мамлакатнинг сайёҳлик салоҳиятини ортиқча баҳолаш шарт эмас ва ҳукумат уни ривожлантириш учун катта саъй-ҳаракатларни амалга оширмоқда.
2016 йилдан бошлаб Ўзбекистонда туризм соҳасини тубдан ислоҳ қилиш жараёни бошланди. 65 давлатдан ташриф буюрувчилар учун 30 кунлик визасиз тизим жорий этилди ва 77 давлат, жумладан Эрон фуқаролари учун электрон виза бериш тизими соддалаштирилди. Ислоҳотлар шарофати билан 2022 йилда Ўзбекистонга 5,2 миллион сайёҳ ташриф буюрган бўлса, жорий йилда 7 миллион сайёҳ жалб этилиши режалаштирилган.
«Ўзбекистон «The Guardian», «The Independent», «Global Muslim Travel Index», «National Geographic Traveler Awards», «Lonely Planet» сингари халқаро рейтингларда юқори ўринларда қайд этилмоқда. ЮНВТО маълумотига кўра, Ўзбекистон энг жадал ривожланаётган туризм саноатига эга бешта давлат қаторига киради ва «The Guardian» Ўзбекистонни дунёдаги энг яхши сайёҳлик йўналишларидан бири сифатида эътироф этди», - деб таъкидлайди форс нашри.
Мақолада қайд этилганидек, жори йилда Самарқанд шаҳрида Жаҳон туризм ташкилоти (UNWTO) Бош Ассамблеясининг 25-сессияси ўтказилади.
«2022 йил сентябрь ойида Шанхай ҳамкорлик ташкилотига (ШҲТ) аъзо мамлакатлар Давлат раҳбарлари кенгаши саммити бўлиб ўтган Самарқанд шаҳрида «Silk Road Samarkand» сайёҳлик маркази барпо этилди, – деб ёзади манба. – Марказ 260 гектардан ортиқ майдонда қурилган бўлиб, эшкак эшиш каналининг икки томонида жойлашган. Бу ерда қарийб 1,2 минг хонага эга саккизта меҳмонхона, жумладан, мамлакатдаги илк иккита беш юлдузли меҳмонхона, «Боқий шаҳар» карвонсаройи ва Конгресс-холл барпо этилди. Конгресс марказининг 18 минг квадрат метр майдонда сиғими 3,5 минг кишигача бўлган ўн учта конференция зали жойлашган».
Ушбу платформа Ўзбекистонда халқаро тадбирлар, форумлар, конференциялар, кўргазмалар, ярмаркалар ва фестивалларни ўтказиш орқали MICE туризми учун ажойиб имконият яратади. Бу ерда сайёҳлар ва меҳмонларни юқори савияда қабул қилиш учун тайёр барча инфратузилма мавжуд.
«Шунингдек, Қашқадарёнинг Шаҳрисабз шаҳри Иқтисодий ҳамкорлик ташкилотининг (ИҲТ) 2024 йилдаги туристик пойтахти этиб эълон қилинган. Қарор 2022 йил 13 декабрда онлайн тарзда ўтказилган ИТҲ давлатлари туризм вазирларининг тўртинчи йиғилиши якунлари бўйича қабул қилинди», - деб ёзади «Asia News».
Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

Read 737 times

Янгиликлар

Top