Ўзбекистон янгиликлари

«Хива – 2024 йилда Ислом дунёсининг туризм пойтахти» халқаро тадбирига тайёргарлик кўриш чора-тадбирлари тасдиқланди

Ўзбекистон  Президенти «Хива – 2024 йилда Ислом дунёсининг туризм пойтахти» халқаро тадбирига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги  қарорни  имзолади, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири. 

Ҳужжатда Хива шаҳри 2024 йилда «Ислом дунёсининг туризм пойтахти» деб эълон қилинганлиги муносабати билан ҳамда Хива шаҳрининг туристик салоҳиятини халқаро майдонда фаол тарғиб қилиш мақсадида бир қатор муҳим  вазифалар  белгиланди.

Хусусан, қарор билан халқаро тадбирга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш бўйича ташкилий қўмита таркиби тасдиқланди. Шунингдек, чора-тадбирлар режаси белгиланди. 

Жумладан, 2024 йил март ойида халқаро тадбирнинг расмий очилиш маросими ҳамда май ойида Хива шаҳрида Ислом ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатлар туризм вазирларининг XII сессияси ўтказилади. 

Хива шаҳрининг туристик салоҳиятини халқаро майдонда фаол тарғиб қилиш мақсадида 2023-2024 йилларда «Taste of Uzbekistan Festival» шиори остида гастрономик фестивали, Паҳлавон Маҳмуд хотирасига бағишланган «Strongmen» халқаро баҳодирлар ўйини мусобақаси, «Халқаро зиёрат туризми ҳафталиги» тадбирлари ўтказилади.

Фанлар академияси, Дин ишлари бўйича қўмита, Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази, Хоразм Маъмун академияси билан биргаликда халқаро тадбирга ташриф буюрадиган хорижий меҳмонлар фойдаланиши учун Хива шаҳри ҳақида ўзбек, рус, инглиз, араб ва француз тилларида қўлланма ишлаб чиқилади.

Хоразм вилояти ҳокимлиги, Маданий мерос агентлиги билан биргаликда Хива шаҳрининг туризм ва маданий мерос объектлари, ислом дунёси ва илм-фаннинг ривожланишида тутган ўрни ва тарихи, маданияти, яшаш тарзини акс эттирувчи фото- ва видеоматериаллар («Guidebook») тайёрлайди.

Давлатимиз  раҳбари қарорига мувофиқ, шунингдек, 2023-2024 йилларда маҳаллий ва хорижий оммавий ахборот воситалари, Интернет жаҳон ахборот тармоғида «Хива – 2024 йилда ислом дунёсининг туризм пойтахти» шиори остида кенг тарғибот акцияси амалга оширилади. 

Бундан  ташқари, 2023-2024 йилларда Ислом ҳамкорлик ташкилоти томонидан ташкил этиладиган халқаро тадбирлар ҳамда республикада ўтказиладиган туризм йўналишидаги кўргазма ва конференцияларда «Хива – 2024 йилда ислом дунёсининг туризм пойтахти» шиори остида тарғибот ишларини амалга  ошириш  вазифалари  ва  бошқа масалалар  ҳужжатда қайд этилган. 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати

Read 896 times

Янгиликлар

Top