Ўзбекистон янгиликлари

Қуръон ошиқлари

“Қуръони карим ва тажвид”

Бухорои шарифдаги 500 йиллик тарихга эга Мир Араб олий мадрасаси таркибида “Қуръони карим ва тажвид” курси очилгани юртимиздаги кўплаб мўмин-мусулмонларни хурсанд қилди. Курсга нафақат бухоролик, балки юртимизнинг турли ҳудудларидан Қуръон шайдолари келиб таълим олмоқда. Улар орасида ёши улуғ ҳамюртларимиз ҳам борки, уларнинг ихлоси, муҳаббати ва ғайрати таҳсинга сазовор.

Хусусан, мазкур таълим муассасасидаги “Қуръон ва тажвид” курсида таҳсил олаётган навоийлик Ҳазрат бобо Султонов (84 ёшда) гуруҳда энг аълочилардан. У Навоийдан қарийб 100 километр масофани босиб келади. Ҳар дарсда фаол қатнашади. Бирор дарсни қолдирмайди, балки дарс бошланишидан камида бир соат олдин келиб кутиб ўтиради. Дарсдан ташқари вақтларда ҳам қўшимча дарс олишга ҳаракат қилади.

Яна бир ана шундай фаол тингловчилардан бири андижонлик Абдулазиз бобо Деҳқонов (66 ёшда) айнан Мир Араб олий мадрасасида очилган “Қуръон ва тажвид” курсида ўқиш учун Андижондан Бухорога келиб, ижарада яшаб, курсни муваффақиятли тамомлагач, сертификат олди. Илм олишга ҳарис бўлган отахон шу билан тўхтаб қолмай, мустақил равишда Қуръони каримни тажвид қоидасига тўлиқ риоя қилган ҳолда бошидан охиригача ўқишга киришди ҳамда Каломуллоҳнинг охирги беш порасини Баҳоуддин Нақшбанд зиёратгоҳида ўқиб тугатиб, хатм қилишга муваффақ бўлди.

Шунингдек, Хоразм вилоятидан келган 73 ёшли Ражаб бобо Рўзматов ҳам Каламуллоҳга бўлган муҳаббати, кучли иштиёқи билан ёшларга намуна бўлмоқда.

Дарҳақиқат, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Илм талаб қилиш ҳар бир муслим учун фарздир”, деганлар. Шундай экан, мўмин киши туғилганидан то сўнгги нафасигача илм талаб қилиши лозим. Зеро, илм икки дунё саодатига эришиш калитидир.

Баҳриддин ХУШБОҚОВ

Read 734 times

Янгиликлар

Top