Ўзбекистон янгиликлари

"Марказий Осиё мамлакатлари ХХI асрда маданиятларнинг яхши қўшничилиги" халқаро конференцияси ўтказилди

Жорий йилнинг 17 август куни Н. Назарбоев динлараро ва маданиятлараро мулоқотни ривожлантириш маркази майдончасида "Марказий Осиё мамлакатлари ХХI асрда маданиятларнинг яхши қўшничилиги"онлайн конференцияси доирасида Қозоғистон, Ўзбекистон, Тожикистон, Қирғизистон, Туркия, Покистон давлат органлари ва тадқиқот доиралари, шунингдек, халқаро ташкилотлар ва хорижий дипломатик ваколатхоналар вакиллари томонидан мазмунли муҳокама бўлиб ўтди.
Конференциянинг асосий мақсади динлараро соҳада ва маданиятларни яқинлаштиришда маънавий етакчилар - манфаатдор томонларнинг минтақавий саъй-ҳаракатларини бирлаштириш, шунингдек, Марказий Осиё давлатларининг самарали ҳамкорлигини фаоллаштиришдан иборат.
Тадбирда Н. Назарбоев Маркази бошқаруви раиси Б. Сарсенбаев, Қозоғистон Республикаси Ахборот ва ижтимоий ривожланиш вазирлигининг Дин ишлари бўйича қўмитаси раисининг ўринбосари А. Хатиев, ИҲТ Ислом, санъат ва маданият тарихини ўрганиш маркази раҳбари (ИҲТ) Э. Килич, Тожикистон ислом маркази раиси, муфтий Саидмукаррам Абдуқодирзода, Исломобод халқаро Ислом университети Исломни ўрганиш институти Бош директори Зиё Ул-Ҳақ Муҳаммад, Тожикистон Республикасининг Қозоғистон Республикасидаги элчихонаси маслаҳатчиси С. Ражабов, Ўзбекистон мусулмонлари диний идораси раисининг ўринбосари У. Ғафуров, Марказий Осиё католик епископлари конференцияси раиси, Олмаотадаги энг Муқаддас уч бирлик епархияси епископи ординарийси Хосе Луис Мумбиела Сиерра, Қозоғистон Республикаси Мусулмонлари диний идораси раисининг маслаҳатчиси К. Дуйсенбай, ЮНЕСКОнинг Марказий Осиёдаги Кластер бюросининг ижтимоий-гуманитар фанлар бўйича мутахассиси М. Байбеков, Булғор Ислом Академияси динлараро мулоқот маркази раҳбари Э. Содиқова ва бошқа экспертлар иштирок этди.
Б. Сарсенбаев ўзининг қутлов нутқида Жаҳон ва анъанавий динлар етакчилари қурултойининг диний бағрикенглик ва цивилизациялараро мулоқотни мустаҳкамлашдаги муҳим ролини таъкидлади:"Бугунги кунда конференция иштирокчиларининг асосий вазифаси – маданий меросни сақлаш билан Марказий Осиёни обод минтақага айлантиришга ҳисса қўшиш ҳисобланади".
Бундан ташқари, Б. Сарсенбаев бу йил қурултойнинг 20 йиллиги - динлар ва миллатлар ўртасидаги ўзаро ҳурматга эришиш учун ноёб мулоқот майдончаси нишонланаётганини таъкидлади. Ҳозирги вақтда Қозоғистон Республикаси парламенти Сенати Спикери – Жаҳон ва анъанавий динлар етакчилари қурултойи котибияти раҳбари М. Ашимбаев раислиги остида шу йилнинг 10-11 октябрь кунлари Остона шаҳрида бўлиб ўтадиган қурултой котибиятининг юбилей XXI йиғилишини тайёрлаш ва ташкил этиш бўйича мақсадли ишлар олиб борилмоқда.
"Мулоқот минтақадаги дўстлик, ўзаро тушуниш ва барқарорлик муҳитини мустаҳкамлашнинг энг ишончли усули ҳисобланади. Ҳолбуки, маданиятлар ва халқларнинг яқинлашиши мамлакатларимизнинг саъй-ҳаракатларини умумий манфаат тамойили асосида бирлаштириш орқали мумкин бўлади", - дея таъкидлади Н. Назарбоев маркази бошқаруви раиси.
Ўз навбатида, Қозоғистон Республикаси Ахборот ва ижтимоий ривожланиш вазирлигининг Дин ишлари бўйича қўмитаси раисининг ўринбосари А. Хатиев "Қозоғистон маданият, тил, урф-одатлар, илм-фан ва таълим соҳасидаги конструктив сиёсатни илгари суришга катта эътибор қаратмоқда, бу ижтимоий-иқтисодий ривожланишнинг асосий омилларидан бири ҳисобланади. Ишончим комилки, келажакда Марказий Осиёнинг барча давлатлари ҳам турли этник гуруҳлар ва динларнинг тинч-тотув яшаши учун бешик бўлиб қолади".
ИҲТ Ислом тарихи, санъати ва маданиятини ўрганиш маркази раҳбари Э. Килич ўз видеомурожаатида "Марказий Осиё аъзо давлатлари ўзларининг илмий, бадиий ва меъморий мероси билан ИҲТ маданий соҳасига биргаликда муҳим ҳисса қўшмоқдалар. Бундай мерос билан Марказий Осиё мамлакатлари дунёнинг энг ўзига хос маданий минтақаларидан бирини ифодалайди. Биз Ислом олимлари ва файласуфларининг асарларини, китоб ва қўлёзмалар тўпламларини, бадиий ва меъморий меросини уларнинг институтлари билан қўшма лойиҳалар орқали ёритишда давом этамиз".

Марказий Осиё давлатларини маданий-гуманитар соҳада янада ривожлантириш ғоясини давом эттириб, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ислом цивилизацияси маркази директори Ш. Миноваров ўз нутқида "сўнгги йилларда Марказий Осиё мамлакатлари ўртасида яхши қўшничилик, дўстона ва ўзаро манфаатли муносабатлар жадал ва изчил ривожланмоқда. Минтақалараро кўп қиррали ҳамкорликни сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқиш қардош халқларимизнинг узоқ муддатли манфаатларига жавоб беради, шунингдек, Марказий Осиёда тинчлик, барқарорлик, хавфсизлик ва барқарор тараққиётни таъминлашда муҳим омил бўлиб хизмат қилади", деб таъкидлади.
Ўз навбатида, Исломобод халқаро Ислом университети Исломни ўрганиш институти Бош директори Зиё ул-Ҳақ Муҳаммад Қозоғистоннинг Жаҳон ва анъанавий динлар етакчилари қурултойини ўтказиш ташаббусини юқори баҳолади ва VII қурултой декларациясининг тарихий аҳамиятини таъкидлади:"Халқаро ҳамжамият томонидан кенг эътироф этилган форум Қозоғистоннинг ҳақиқий ташриф қоғози ва тинчлик ва тотувлик ғояларини тарғиб қилиш борасидаги саъй-ҳаракатларнинг далилига айланди. Бу масалаларнинг барчаси бизнинг дунёмиз учун ниҳоятда муҳим ва долзарбдир. Жамиятимизнинг келажаги, тинчлик ва барқарорлик уларнинг муваффақиятли ҳал этилишига боғлиқ. Қурултой жаҳон динлари вакиллари учун интерактив платформадир".
Тожикистон ислом маркази раиси, муфтий Саидмукаррам Абдуқодирзода ўз нутқида "Ҳозирги пайтда барча халқлар ва миллатларнинг гуллаб-яшнаши учун интеграция, яратиш, бирлаштириш асосий вазифа эканлигини таъкидлади,шунингдек, конференция иштирокчиларининг ҳимоя қилиш, сақлаб қолиш бўйича позицияси, маънавий-маданий меросни асраб-авайлаш ва юксалтириш халқаро ҳамкорликни тенг ҳуқуқли ва ўзаро манфаатли асосда янада ривожлантиришга хизмат қилади", -деди.
Умуман олганда, конференция иштирокчилари конфессиялараро мулоқот, шунингдек, кўп томонлама ҳамкорлик ва маданий-гуманитар алоқаларни, шу жумладан конференцияда иштирок этувчи давлатлар ўртасидаги минтақалараро алоқаларни ривожлантиришнинг долзарб масалаларини муҳокама қилиш муҳимлиги тўғрисида келишиб олдилар.


Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

Read 800 times

Янгиликлар

Top