Ўзбекистон янгиликлари

Янги ўқув йили мустақиллик дарси билан бошланди

Бугун, 4 сентябрь куни Муҳаммад ибн Аҳмад ал-Беруний ўрта махсус ислом билим юртида янги ўқув йилининг очилиш маросими бўлиб ўтди. Унда билим юрти ўқитувчилари, талаба ёшлар, ишчи-ходимлар ва фахрий диний соҳа ходимлари қатнашди.

Давлат мадҳиялари янграгандан сўнг тадбирни билим юрти мудири Ш.Баҳоуддинов очиб, ўқитувчи ва талабаларга яқинда кўтаринки руҳда ўтказилган Мустақиллик байрами муносабати ва бошланаётган янги ўқув йили билан Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий ҳазратларининг табригини етказди.

– Кечагина муҳтарам Президентимиз байрам табригида таъкидлаганидек, «Биз жаҳонга фақат хомашё эмас, аввало, илм-маърифат, маънавий бойлик етказиб берган не-не улуғ зотларнинг авлодимиз. Ҳеч шубҳасиз, уларга хос бўлган буюк фазилатлар, улар яратган шонли анъаналар бугун ҳам бизнинг қалбимизда, онгимизда, ҳаётимизда яшамоқда», дея талабаларга илм-билим олишда куч-ғайрат ва муваффақиятлар тилади.

Шундан сўнг "Ардоқли нуроний" кўкрак-нишони соҳиби Қ.Иманалиев сўзга чиқиб, йиғилганларни байрам билан қутлаб, вақтни қадрига етиб, ёшлик чоғлардан унумли фойдаланиш, илм олишда жидду жаҳд қилиш лозимлигини айтиб ўтди.

Кейин талабалар дарсхоналарига кириб, гуруҳ раҳбарлари томонидан тайёрланган «Янги ҳаёт учун, янги Ўзбекистон учун» шиори остида «Мустақиллик дарси» бўлиб ўтди.

Дарсда билим юртининг барча босқич талабаларига дастур асосидаги слайд ва видеороликлар қўйилиб, улардан олинган хулосалар биргаликда фикрлашилди.

Шунингдек, дарсда кейинги йилларда юртимизда амалга оширилаётган кўламли ислоҳотлар, диний-маърифий соҳада эришилган натижалар, ижобий ўзгаришлар алоҳида таъкидлаб ўтилди.

 

Билим юрти матбуот хизмати

Read 702 times

Янгиликлар

Top