Ўзбекистон янгиликлари

Энг ноёб қўлёзма асарлар тадқиқотчиларни кутмоқда

Ўзбекистон мусулмонлари идораси китоб фондида сақланаётган қўлёзмаларни ўрганиш ва халқимизга танитиш мақсадида “Энг ноёб кўлёзма асарлар” номли рукн остида нодир топилмалар тўғрисида ажойиб мақола ва фотолавҳалар эълон қилиб борилади.

Юртимизда жуда кўп қўлёзмалар жамланган бўлиб, уларнинг бир қисми Диний идора кутубхона-музейида сақланади. Қўлёзмалар Фонди алоҳида бўлимлардан ташкил топган. Улар араб, форс-тожик, эски ўзбек, эски турк тили ва бошқа шарқ тилларида битилган 3 мингдан зиёд кўлёзма, 9 мингдан ортиқ тошбосма ва 8 мингдан кўп янги нашр китоблар мавжуд.

Кутубхона-музейи мутахассислари қадимий қўлёзмалар ва бошқа ёзма манбаларни саклаш, ўрганиш, илмий асосда тадқиқ этиш ва халқимизга етказиш борасида янги изланишларни олиб бормоқда.

Олий ва ўрта махсус диний таълим муассасалари ва бошқа ихтисослашган олий таълим муассасалари билан ҳамкорликда кўлёзма манбалар билан ишлашга тайёрлигимизни билдирамиз. Шунингдек, қўлёзма асарларни тадқиқотчи ва битирувчи талабалар диссертация мавзуси сифатида илмий муомалага киритиш энг фойдали ва муҳим иш эканини алохида таъкидлаймиз.

Айни пайтда Диний идора кутубхона-музейидан Қуръон карим, тафсир, фиқҳ, ҳадис, адабиёт ва тарихга оид қўлёзма асарлар ўрин олган. Дастлабки ўрганган қўлёзма манбаимиз Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг кутубхона-музейида 1490-инвентар рақами билан сакланаётган Маҳмуд аз-Замахшарийнинг “Рабиъ ул-аброр ва нусус ул-ахёр”  асари қўлёзма нусхасидир.

Муаллиф тўғрисида

“Рабиъ ул-аброр ва нусус ул-ахёр” (ربيع الأبرار و نصوص الأخبار) асари муаллифи Абул-Қосим Махмуд ибн Амр аз-Замахшарий – Ўрта Осиёлик аллома, араб тилшунослиги ва грамматикаси асосчиси, хаттот, араб-форс-туркий луғатларнинг муаллифидир.

У милодий 1075 йил 18 мартда, хижрий 467 йил Ражаб ойининг 27 куни Хоразмнинг қадимги Замахшар кишлоғида туғилиб, бошлангич сабоқни отасидан олганлар. Илм-фанни чуқур ўрганиш мақсадида Бухорода бир қанча муддат Хоразмшоҳлар даврида ижод билан машғул бўлади.

Отаси саводли, тақводор, диёнатли киши бўлган ва кўп вақтини Қуръони карим тиловати-ю намоз ўқиш билан ўтказиб, Замахшар қишлоғидаги бир масжидда имомлик ҳам қилган.

Аз-Замахшарий умри давомида Марв, Нишопур, Исфаҳон, Сурия, Боғдод, Ҳижоз ва икки марта Макка шаҳрида бўлган. Қаерда бўлишидан қатъи назар, араб тили луғати ва грамматикасини, маҳаллий аҳоли шевалари, мақоллари, урф-одатларини чуқур ўрганишни давом эттирган.

Аллома кўп асарларини Макка шаҳрида ёзади. У ерда у “Аллоҳнинг қўшниси”,  “Бутун дунё ўқитувчиси”, “Барча араблар ва бошқа халқларнинг устози”, “Хоразмнинг шон-шарафи” каби унвонларга сазовор бўлган.

Аз-Замахшарий мантиқ, грамматика, дин, луғатлар, адабиёт, педагогика, тарих ва жўғрофияга оид 60 дан ортиқ асарлар ёзиб, илм-фан соҳасига катта ҳисса қўшади. Унинг асарлари дунёнинг кўплаб тилларига таржима қилинган. Бугунги кунда «ал-Кашшоф» қўлёзмасининг 100 дан ортиқ нусхаси ва унга ёзилган 20 дан ортиқ шарҳлари дунё фондларида сақланмоқда.

Маҳмуд аз-Замахшарий 538 ҳижрий йилда вафот этган.

Қўлёзма асар ҳақида

Китобнинг номи “Рабиъ ул-аброр ва нусус ул-ахёр” (“Яхшилар баҳори ва фикрлар (ривоятлар) баёни”) бўлиб, унда  борлиқ ҳодисаларнинг ҳикматлари ҳамда дин ва дунё одоблари баён этилган. Шунингдек, асарда адабиёт, тарих ва бошқа фанларга оид ҳикоялар, латифалар, суҳбатларнинг энг саралари жамланган.

Унинг ёзилган санаси ҳозирча номаълум. Китоб яхши сақланган, муқоваси қоғоз картон, орқа жилди эса матодан қилинган. Саҳифаларнинг ҳолати бутун, лекин тешилган ва йиртилган жойлари бор.

Асар 5 та бўлимдан иборат бўлиб, 98 та бобни ўз ичига олади (баъзи олимлар эса “92 бобдан ташкил топган” ҳам дейишган). Ўлчамлари: бўйи 26,5 см., эни 17,5 см., қалинлиги 5,5 см., саҳифалар сони 403 та. Насх хатида ёзилган. Бу китобнинг қўлёзма нусхаси дунёда кам топилади. Тошбосма нусхаси Байрут шаҳрида 1991-1992 йиллар (1412-1413 ҳижрий)да нашр қилинган.

Бу асарнинг нодир қўлёзма нусхалари Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг кутубхона-музейидан ташқари Ўзбекистон Республикаси Фанлар Академияси Шарқшунослик институтининг асосий фондида ҳам 2384-инвентар рақами остида сақланади. Шунингдек, Голландиянинг Лейден шаҳри ва Германиянинг Берлин шаҳри кутубхоналарида ҳам ушбу асарнинг қўлёзмалари мавжуд. Шунингдек, Қоҳира, Табриз ва Бағдод шаҳарларида форс тилига таржима қилинган, тўрт жилдли нусхалари ҳам нашр этилган.

Хулоса

“Рабиъ ул-аброр ва нусус ул-ахёр” (“Яхшилар баҳори ва фикрлар (ривоятлар) баёни”) асарида ҳар бир замон ва макон учун муҳим бўлган масалалар баён этилганини инобатга олган ҳолда, илмий изланувчилар, мустақил тадқиқотчилар ва талаба-ёшларга мазкур ноёб асарни кенг тадқиқ этиш ва халқимизга етказишни тавсия этамиз.

Муҳаммадносир АБДУВОСИЕВ,

Ўзбекистон мусулмонлари идораси

музей-кутубхонаси мутахассиси

 

 

Read 870 times

Янгиликлар

Top