Ўзбекистон янгиликлари

Муфтий ҳазрат Финляндия мусулмонлари етакчисини қабул қилдилар

Бугун, 21 сентябрь куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари Финляндия мусулмонлари жамоаси бош имоми Рамиль Беляев бошчилигидаги делегацияни қабул қилдилар.

Учрашувда Муфтий ҳазратлари меҳмонларни ташриф билан қутлаш баробарида сўнгги йилларда юртимиздаги диний-маърифий ислоҳотлар, Фатво маркази фаолияти, ҳаж-умра ишлари, Қуръони карим курслари, масжид-мадрасаларни обод этиш ва диний таълимни ривожлантириш борасида қилинаётган ишлар ҳақида маълумот бердилар.

Рамиль Беляев Финляндияга Ислом дини кириб келиши, ривожланиши ва охирги пайтларда мўмин-мусулмонлари сони ошиб бораётгани ҳақида сўзлаб берди. Шунингдек, у икки мамлакат дин пешволарининг ҳамкорликлари узоқ тарихга бориб тақалиши, ўтган асрнинг 60-йилларида икки давлат уламолари сафарлар уюштирганларини фото суратлар ёрдамида баён қилди. 

Мулоқотда томонлар диний-маърифий, илмий-тадқиқот, диний таълим ва масжидлар фаолиятини ривожлантириш йўналишида ўзаро ҳамкорлик қилиш масалаларини ҳам муҳокама қилдилар.  

Меҳмонлар Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратларини Финляндияга Ислом дини кириб келиши юбилей санасига бағишланган маросимга таклиф этди.    

Учрашув дўстона ва самимий руҳда ўтди. 

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати

 

Read 852 times

Янгиликлар

Top