Ўзбекистон янгиликлари

Индонезиялик уламолар билан ҳамкорлик

Бугун, 28 сентябрь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчиси, Халқаро ислом академияси ректори Музаффар Комилов ва Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари Индонезия Уламолар Кенгаши Бош котиби Амиршох Тамбунан бошчилигидаги делегацияни қабул қилдилар.
Музаффар Комилов сўзининг аввалида меҳмонларни ташриф билан қутлаб, Ўзбекистон замини Имом Бухорий, Имом Термизий, ал-Хоразмий, Беруний, Ибн Сино ва Мирзо Улуғбек сингари улуғ аллома ва мутафаккирлар ватани эканини алоҳида таъкидлади. Шу йилнинг август ойида Ўзбекистон делегациясининг Индонезияга ташрифи самарали ва мазмунли ўтгани, ушбу мамлакатнинг мусулмон дунёсидаги нуфузи ошиб бораётгани, ўзаро илмий-тадқиқот борасидаги ҳамкорликни ривожлантириш, зиёрат туризми йўналишидаги алоқаларни такомиллаштиришга урғу қаратди.
Муфтий ҳазратлари икки давлат халқлари ўртасидаги дўстона алоқалар узоқ йиллар давомида мустаҳкамланиб келгани, Индонезиянинг биринчи Президенти жаноб Сукарно Имом Бухорий мақбарасини зиёрат қилгани ҳақида сўз юритдилар. Индонезия ва Ўзбекистон ўртасида зиёрат туризмини ривожлантиришдан икки давлат учун ҳам бирдай манфаат бўлиши, Имом Бухорий, Имом Термизий, Нақшбандий сингари мўътабар зотларнинг қадамжолари индонезияликлар орасида маълуму машҳур эканини Муфтий ҳазратлари алоҳида қайд этдилар.
Мулоқотда келажакда индонезиялик уламолар билан илмий-тадқиқот, фатво ишлаб чиқиш, диний таълим, кадрлар тайёрлаш, имом-хатиблар тажриба алмашинуви ва жаҳолатга қарши кураш йўналишларида ҳамкорлик қилиш каби масалалар атрофлича муҳокама қилинди.
Бош котиб Амиршох Тамбунан жаноблари Имом Бухорий, Имом Термизий каби алломалар авлодлари билан ҳамкорликни ривожлантириш ҳар жиҳатдан фойдали экани, айниқса, динга боғлиқ бўлган илм-фан, инновацион лойиҳалар ва IT йўналишларида ҳамкорлик қилиш яхши самара беришига ишонч билдирди. Шунингдек, икки мамлакат дин пешволарининг ҳамкорликлари мусулмон уммати учун жуда яхши натижа беришини қўшимча қилди.
Музаффар Комилов меҳмонларга сўнгги йилларда Янги Ўзбекистонда олиб борилаётган диний-маърифий соҳадаги ислоҳотлар, исломий таълим, халқимиз саводхонлигини ошириш ва турли конфессиялар билан ишлаш борасида амалга оширилаётган фаолият тўғрисида алоҳида тўхталди.
Маълумот ўрнида, Индонезия Уламолар Кенгаши 1975 йилда ташкил этилган. Унинг асосий вазифалари Индонезиянинг кенг ҳудудларида истиқомат қиладиган мўмин-мусулмонларни ягона мақсад сари бирлаштириш, ҳамжиҳатликда ҳаёт кечиришларини таъминлаш ва замонавий масалаларда фатволар ишлаб чиқиш кабилардан иборатдир.

 

 

 

 

 

 

 

 

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Read 582 times

Янгиликлар

Top