Ўзбекистон янгиликлари

Наманган вилоятига янги бош имом-хатиб тайинланди

Шу йил 7 октябрь куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари раисликларида Наманган вилоятида фаолият юритаётган имом-хатибларнинг мажлиси бўлиб ўтди.
Йиғилишда ташкилий масала кўрилди. Унга кўра, Абдулҳай домла Турсунов ўз аризасига биноан Наманган вилояти бош имом-хатиби вазифасидан озод этилиб, “Фахрий имом” мақоми берилди. Наманган вилояти бош имом-хатиби лавозимига Наманган шаҳар бош имоми ва “Юсуфхон ўғли Қосимхон” жоме масжиди имом-хатиби вазифасида меҳнат қилаётган Мусохон қори Аббосиддинов тайинланди.


Маълумот ўрнида, Мусохон қори Аббосиддинов Наманган шаҳридаги “Ҳидоя” мадрасаси, Ўзбекистон халқаро ислом академиясида таҳсил олган. Қуръони каримни тўла ёд олиб, Ҳофизи Қуръон даражасига етган. Ўзбекистон мусулмонлари идорасида ҳам бир муддат фаолият юритган. 2010 йилдан буён Наманган шаҳар бош имом-хатиби вазифасида меҳнат қилаётган эди.
Мусохон қори Аббосиддиновга Наманган вилояти бош имом-хатиби вазифасида фидокорона меҳнат қилиб, вилоят имом-хатиблари билан ҳамжиҳатликда динимиз равнақи йўлида астойдил хизмат қилишларида Аллоҳ таолодан улкан муваффақиятлар тилаймиз.


Шунингдек, йиғилишда Абдулҳай домланинг масжидларни обод этиш, имом-домлаларнинг фаолиятини такомиллаштириш ва мўмин-мусулмонларнинг эҳтиёжларини қондириш йўлидаги меҳнатлари муносиб эътироф этилди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари тараққиётимизнинг янги даврида диний соҳада жуда катта ислоҳотлар амалга оширилаётгани, ўз навбатида имом-хатиблик шарафли ва масъулиятли вазифа экани, бугунги кун имоми замонга зийраклик билан қараши, ўзининг устида мунтазам ишлаши ва мўмин-мусулмонларнинг эҳтиёжларини қондириш учун тинимсиз хизмат қилишлари зарурлигига алоҳида урғу қаратдилар.


Шунингдек, Муфтий ҳазратлари ўз нутқларида ёшлар тарбиясига катта эътибор қаратиш, илм-маърифат эгаллашларига шарт-шароитлар яратиш ва ёш авлод келажаги учун мустаҳкам пойдевор яратиш кабиларни алоҳида таъкидладилар.
Йиғилишда Наманган вилояти ҳокими ўринбосари Жамолиддин Алойдинов, фахрий имом Абдулҳай домла Турсунов, Уйчи тумани бош имоми Олимхон Исақов, Норин тумани “Ғойиб бува” масжиди имом-хатиби Турғунов Аброр ва Наманган вилояти янги бош имом-хатиби Мусохон қори Аббосиддинов кабилар сўзга чиқдилар.

 

 

 

 

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Read 1303 times

Янгиликлар

Top