Ўзбекистон янгиликлари

Ислом институтида имтиҳон

 

Бугун соат 6:50 да Тошкент ислом институтида Махсус сиртқи бўлимга ўқишга кириш учун ҳужжат топширган абитурентларга имтиҳон бошланди. Имтиҳонга Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари Иброҳим Иномов ва ЎМИ таълим ва кадрлар тайёрлаш бўлими мудири Жалолиддин Нуриддинов бошчилигидаги кузатувчи меҳмонлар ташриф буюрди.

Махсус сиртқи бўлим бевосита Президентимизнинг ташаббуси билан ташкил этилди.

Махсус сиртқи бўлимга Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимовнинг “Республикамизда фаолият юритаётган икки мингдан ортиқ жоме масжидларни олий диний маълумотга эга имом-хатиблар билан таъминлаш учун Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институтида уч йиллик Махсус сиртқи бўлим ташкил этиш мақсадида”ги (29-сентябрдаги 01А/092-сонли) буйруғи ижроси юзасидан ўн кун муддат ичида (1-10 октябрь кунлари) абутуриентлар қабул қилинди.

Махсус сиртқи бўлимга республикамизда фаолият юритаётган, камида беш йиллик стажга эга бўлган имом-хатиб, мадраса мударриси ва Имом Бухорий халқаро маркази ходимларидан иборат жами 181 нафар абитурент ҳужжат топширган. Шулардан 60 нафари 3 фан (ақоид, фиқҳ ва араб тили) бўйича имтиҳонлар асосида қабул қилинади. Ҳар бир фанга абитурентнинг жавоб беришига қараб 75,6 баллдан қўйилмоқда. Билет олган ҳар бир абитуриент жавоб беришдан олдин 20 дақиқа давомида луғатлардан фойдаланган ҳолда ўтириб тайёрланиши мумкин. Имтиҳон олиш учун Тошкент ислом университети, Тошкент ислом институти ва “Кўкалдош” ўрта махсус билим юртидан малакали мударрислар жалб этилган. Имтиҳон натижалари бўйича мандат 14 октябрь куни эълон қилинади. Махсус сиртқи бўлимга ўқишга кирган талабаларга дарслар ноябрь ойида бошланади.  

Ўзбекистон мусулмонлари идораси

Матбуот хизмати

Read 7298 times

Янгиликлар

Top