Ўзбекистон янгиликлари

Доғистон делегацияси билан учрашув

Шу йил 23 октябрь куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари ва Дин ишлари бўйича қўмита раисининг биринчи ўринбосари Даврон Мақсудов Доғистон Республикаси ҳукумати раиси Абдулмуслим Абдулмуслимов бошчилигидаги делегацияни қабул қилди.
Дин ишлари бўйича қўмита раисининг биринчи ўринбосари Даврон Мақсудов давлатимиз раҳбари ташаббуси билан диний-маърифий соҳада амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, шунингдек, юртимизда фаолият юритаётган турли диний конфессиялар ўртасидаги дўстона алоқалар, уларга тақдим этилган имтиёз ва имкониятлар хусусида тўхталди. Шунингдек, у юртимизда 130 дан зиёд миллат, элат ва турли диний конфессия вакиллари ўртасида ҳамжиҳатлик таъминланганини ҳам қўшимча қилди.
Муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари меҳмонларни Ўзбекистон мусулмонлари идораси фаолияти ҳақида маълумот бериб, сўнгги йилларда масжид-мадрасалар сони кўпайиб, улар ибодат ва маърифат масканига айланиб бораётганини мамнуният билан таъкидладилар. Шунинг билан бирга 13 та диний таълим муассасасида салоҳиятли диний соҳа кадрлари тайёрланаётганини қайд этдилар.
Имом Бухорий, Имом Термизий ва Имом Мотуридий номли халқаро марказлар ҳамда Ислом цивилизацияси маркази ташкил этилгани нафақат халқимиз, балки хорижликларнинг ҳам эътирофига сазовор бўлаётганини Муфтий ҳазратлари сўзладилар.
Доғистон Республикаси ҳукумати раиси Абдулмуслим Абдулмуслимов ўзаро мулоқотда самимий қабул учун миннатдорлик билдириш баробарида Доғистонда эътиқод қилувчиларга яратилган шарт-шароитлар, хусусан, мўмин-мусулмонлар ҳаёти ҳақида сўз юритди. Шунингдек, у Ўзбекистонда диний-маърифий жабҳадаги улкан ўзгариш ва янгиланишларнинг гувоҳи бўлганини изҳор этди. Айниқса, меҳмон Ўзбекистон алоҳида эҳтиромга лойиқ юрт экани, бу диёрдан Ислом дини ривожига улкан ҳисса қўшган забардаст уламолар етишиб чиққани, хусусан, ҳадис илмининг султони Имом Бухорий ҳазратларини алоҳида ёдга олди.
Мартабали меҳмон сўзини давом эттириб, айни кунларда Доғистонда хизмат қилаётган дин пешворларининг аксарияти Бухоро ва Тошкент шаҳарларидаги ўқув даргоҳларида таълим олганини мамнуният билан эътироф этди.
Мулоқотда томонлар Ўзбекистон ва Доғистон муносабатлари сўнгги йилларда янги босқичга кўтарилгани, бугунги кунда бир қатор соҳалар, жумладан, зиёрат туризми йўналишидаги ҳамкорлик алоқалари жадал ривожланиб бораётгани, икки йил аввал Ўзбекистон делегацияси Доғистонда “Имомлар юртига саёҳат” мавзуида зиёрат туризми кўргазмасини тақдим этгани, ушбу тадбир икки халқ ўртасидаги ишончли мулоқот, диний-маърифий жабҳадаги алоқаларнинг мустаҳкамланишига ҳам туртки бўлганини таъкидладилар.
Учрашув якунида диний-маърифий соҳадаги ўзаро ҳамкорликни ривожлантириш ва ўзаро тажриба алмашиш учун Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратларини Доғистон давлатига таклиф этилди.
Учрашув дўстона ва самимий руҳда ўтди.

 

Read 1093 times

Янгиликлар

Top