Ўзбекистон янгиликлари

Масжид ободлиги– юрт фаровонлиги

Яратганга шукрки, бугунга келиб юртимизда фаолият кўрсатаётган масжидлар сони икки мингдан ошиб кетди. Аҳоли гавжум яшаётган жойларда янги масжидлар қурилиши давом этаётир, таъмир талаблари эса замонавий андозалар асосида таъмирланиб, чиройли ҳолатга келтирилмоқда. Намозхонлар эса бундай кўркам ва шинам масжидларда ибодатларини роҳатланиб адо этаётганидан мамнун.

Ана шундай савобли ишларни давом эттириш йўлида бугун Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари ва Дин ишлари бўйича қўмита раиси Ортиқбек Юсупов жойлардаги масжидлар ҳолатини яхшилаш, имом-хатиблар фаолиятини жадаллаштириш, мўмин-мусулмонларимизнинг талаб ва истакларини таъминлаш мақсадида Хоразм вилоятига ташриф буюрдилар. Қатор ислоҳот ва бунёдкорлик ишлари қизғин давом этаётган бир паллада бу ташрифдан мамнун бўлган хоразмликлар, вилоят уламолари, имом-хатиблар ва мўмин-мусулмонлар нуфузли меҳмонларни беҳад ҳурмат-эҳтиром билан кутиб олдилар.

Меҳмонлар дастлаб, Урганч шаҳридаги “Охун бобо” жоме масжиди қурилиши жараёни билан танишдилар. Ушбу масжидга 28 январь куни муҳтарам Президентимиз тамал тошини қўйган эдилар. Жума намозини шу ерда адо қилиб, намозхонлар билан яқиндан мулоқотда бўлдилар, уста ва қурувчи муҳандисларнинг меҳнатларига таҳсинлар айтдилар.

Ҳақиқатан, бундай эзгу ишга ҳисса қўшиш истагида бўлган бунёдкорлар ўз маҳоратларини ишга солиб, бор куч-ғайрати билан меҳнат қилмоқда. Зеро, масжид қуриш, уни обод қилишнинг савоби улуғ экани динимиз манбаларида баён қилинган. Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бундай марҳамат қилганлар: “Ким Аллоҳнинг розилигини истаб масжид қурса, Аллоҳ унга жаннатда қаср барпо қилади” (Имом Бухорий ривояти). 

Муфтий ҳазратлари бу каби хайрли ишлар ҳукуматимиз раҳбариятининг диний қадриятларга бўлган улкан эътиборининг натижаси эканини таъкидладилар. Зеро, бу борада ояти каримада ҳам қуйидагича таъкидланган: “Аллоҳнинг масжидларини фақат Аллоҳга ва охират кунига имон келтирган, намозни баркамол ўқиган, закот берган ва фақат Аллоҳдангина қўрққан кишилар обод қилурлар. Айнан ўшалар ҳидоят топувчилардан бўлишлари мумкин” (Тавба, 18).

Ушбу ояти каримадан ҳам масжидларни обод қилиш, уларни таъмирлаш юксак имон ва мустаҳкам эътиқод намойиши экани маълум бўлади.

Муфтий ҳазратлари ва Ортиқбек Юсупов жаноблари Урганч шаҳридаги “Имом Фахриддин ар-Розий” ислом ўрта махсус билим юртида ҳам бўлиб, талабларнинг ўқув жараёни ва ётоқхонадаги шароитлар билан танишдилар. Билим юртидаги шарт-шароитларни янада яхшилаш борасидаги таклиф ва мулоҳазаларини билдирдилар.

Шунингдек, Хива шаҳридаги “Паҳлавон Маҳмуд” қадамжосини зиёрат қилиб, зиёратгоҳ фаолияти билан яқиндан танишдилар.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси

Матбуот хизмати

 

Read 6437 times

Янгиликлар

Top