Ўзбекистон янгиликлари

Дин ва миллат учун хизмат қилиш – ҳар бир пешвога масъулият юклайди

Шу йилнинг 30 октябрь куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари Жиззах вилоятига ташриф буюрдилар. Жиззах вилоятида фаолият кўрсатиб келаётган имом-хатибларнинг кенгайтирилган йиғилиши бўлиб ўтди. Мажлис Қуръони карим тиловати ва хайрли дуолар билан бошланди.

Муфтий ҳазратлари бугун ҳар бир дин пешвоси дин ва миллат учун астойдил хизмат қилиши, амалга оширилаётган ижобий ўзгаришлар, мўмин-мусулмонлар фаровонлиги йўлида ҳаётга татбиқ этилаётган чора-тадбирларда фаол иштирок этиш, айниқса, диний-маърифий соҳадаги янгиланишлар имом-домлаларимиз зиммасига катта масъулият юклаши ҳақида сўз юритдилар.

Шунингдек, Муфтий ҳазратлари томонларидан Жиззах вилоятида охирги йилларда ижобий ишлар қилинганлиги, аммо тизимда ҳали амалга оширилиши лозим бўлган талай ишлар мавжудлиги алоҳида таъкидланди. Айниқса, имом-хатиблар мунтазам ўз устида ишлаши, мўмин-мусулмонлар эҳтиёжларини таъминлаш йўлида саъй-ҳаракат қилиши ва иш фаолиятда белгиланган тартиб-қоидаларга амал қилиши зарурлигини қайд этиш баробарида муҳим тавсия ва топшириқлар берилди.

Йиғилишда Жиззах вилояти бош имом-хатиби Меҳмонали домла Жабборов томонидан нотиқлар томонидан айтилган ҳар бир масала юзасидан барча имом-хатиблар тўғри хулоса чиқариши, бундан буён улар ҳамфикр ва ҳамжиҳатликда динимиз равнақи ва халқимиз фаровонлиги йўлида астойдил хизмат қилишлари билдирилди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати

Read 990 times

Янгиликлар

Top