Ўзбекистон янгиликлари

Саудия Aрабистони билан туризм бўйича ҳамкорлик муҳокама этилди

Aр-Риёдда Ўзбекистон ва Саудия Aрабистони ўртасида туризм соҳасидаги ҳамкорликни янада ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди
Ўзбекистоннинг Саудия Арабистонидаги фавқулодда ва мухтор элчиси Улуғбек Мақсудов Саудия халқаро сайёҳлик компанияси бошқаруви аъзоси, ривожланиш бўйича менежери Aбдулазиз Сулаймон билан учрашди, деб хабар бермоқда “Дунё” ахборот агентлиги.

Суҳбат чоғида икки мамлакат ўртасида туризм соҳасидаги ҳамкорликни янада ривожлантириш ва Ўзбекистонга саудиялик сайёҳлар оқимини кўпайтириш масалалари муҳокама қилинди.

Учрашув аввалида Aбдулазиз Сулаймон мамлакатларимиз ўртасидаги ҳамкорлик изчил ривожланиб бораётгани, олий даражадаги ташрифлар алмашинуви ортиб бораётгани, ҳамкорлик бўйича турли тадбирлар амалга оширилаётганини мамнуният билан қайд этди.
Менежер Aбдулазиз Сулаймон Ўзбекистонда, жумладан, туризм соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар билан яқиндан таниш эканини, бу борада Ўзбекистон томони билан яқин ҳамкорликни йўлга қўйиш ва ривожлантиришдан манфаатдор канини таъкидлади. Хусусан, Ўзбекистон Президенти томонидан Саудия Aрабистони фуқаролари учун 30 кунлик визасиз режим жорий этилгани икки давлат ўртасидаги ҳамкорликнинг туб ривожи бўлиб хизмат қилаётганини мамнуният билан қайд этди.

Шунингдек, қадимий ва навқирон Самарқанд шаҳрида ЮНВТО Бош Aссамблеясининг 25-юбилей сессияси муваффақиятли ўтказилди, дунёнинг 140 дан ортиқ давлатидан вакилларнинг иштирок этиши жаҳон ҳамжамиятининг Ўзбекистонга бўлган эътибори ва юксак туризм салоҳияти эътирофи бўлди.
Aбдулазиз Сулаймон муҳим сиёсий ва иқтисодий ҳамкорликдаги тадбирларда туризм масаласини муҳокама қилиш ҳар икки томон учун ҳам бирдек фойдали бўлишини таъкидлади. Шу муносабат билан у Ўзбекистонда ўтказиладиган сайёҳлик тадбирларида иштирок этиш истагини билдирди.

Ўзбекистон элчиси Саудия томонига мамлакатимизнинг бой туризм салоҳияти ҳақидаги тақдимот материаллари, туризм ва сайёҳлик йўналишлари соҳасида ишлаб чиқилаётган истиқболли сармоявий лойиҳалар ҳақидаги босма ва видеофилмларни тақдим этди.

Учрашувда Ўзбекистон Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги ҳузуридаги Туризм қўмитаси ва “Сауди Интернатионал Травел” компанияси вакиллари ўртасида видеоалоқа орқали учрашув ўтказиш бўйича келишувга эришилди”.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати

Read 1307 times

Янгиликлар

Top