Ўзбекистон янгиликлари

Билим ва малака синовлари имом-домлаларни изланишга ундамоқда

Бугунги кун имоми касбий билим-кўникмалар билан бирга замон билан ҳамнафас, чуқур илм ва нотиқлик маҳоратига эга бўлиши, бир қанча хорижий тилларни билиши, ахборот технологияларидан оқилона фойдалана олиши лозим. Ушбу фазилатлар унинг мақомини юксалтириши билан бирга кишилар эътибор ва эҳтиромини оширишга ҳам хизмат қилади.

Айни кунларда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосарлари, масъул ходимлари, диний таълим муассасалари педагог-ўқитувчилари ҳамда ҳамкор ташкилотлар вакилларидан иборат ҳайъатлар томонидан масжидларда меҳнат қилаётган имом-домлаларнинг билим ва малакалари синовдан ўтказилмоқда.

Айтиш жоизки, ушбу жараёнда имом домлаларнинг нафақат билим ва кўникмалари, балки аҳоли ўртасидаги обрў-эътибори, ҳудудидаги фуқаролар муаммоларига бефарқ эмаслиги каби жиҳатларга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Билими, иш тажрибаси ва салоҳиятига кўра, имом-домлаларга тегишли малака тоифалари тақдим этилмоқда.

Имом-домлаларнинг билим ва малакаларини баҳолаш жараёни Қорақалпоғистон Республикаси, Хоразм, Тошкент вилоятлари ва Тошкент шаҳрида давом этмоқда.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати

Read 1325 times

Янгиликлар

Top